Қозоғистон Республикаси Туркистон вилояти “Азрет Султан” (“Ҳазрати Султон”) миллий тарихий-маданий музей-қўриқхонаси ҳузуридаги Яссавийшунослик марказида 19 май куни “Аҳмад Яссавийнинг қўлёзма мероси” мавзусида халқаро вебинар ташкил этилди. Анжуманда Қозоғистон вакиллари қаторида Ўзбекистон, Туркия, Қирғизистон ва Тожикистон олимлари иштирок этиб, Хожа Аҳмад Яссавий асарлари қўлёзмаларини тадқиқ этиш масалаларини муҳокама қилди.

Вебинарда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси мустақил изланувчиси, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Мехрожиддин Амонов “«Девони ҳикмат»нинг Ўзбекистон қўлёзма фондларида мавжуд нусхалари” мавзусида маъруза қилди.
Маълум қилинганидек, Ўзбекистондаги 11 фондда “Девон”нинг жами 82 нусхаси, жумладан, 20 таси – Самарқанд давлат университетида, 17 таси – Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида, 13 таси – Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейида ва 12 таси – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида сақланмоқда.

Тадқиқот натижасида Ислом цивилизацияси маркази фондидаги 1220/1805 йилги қўлёзма ҳамда Комилхон Каттаев шахсий фондида сақланаётган (1808 йилдан олдин кўчирилган) нусха Ўзбекистондаги энг қадимги манбалар экани аниқланган. Шунингдек, М.Амонов 1313/1894 йили Самарқандда хаттот Мулла Обиджон Самарқандий томонидан кўчирилган, 83 та ҳикматни ўз ичига олган ва яхши сақланган 301 варақли ноёб қўлёзма нусхаси ҳақида маълумот берди.
Марказ вакили Яссавий меросини тизимли ўрганиш самарадорлигини ошириш мақсадида халқаро миқёсдаги ҳамкорлик орқали қўлёзмалар тўғрисида маълумот жамлаш, нодир нусхаларни саралаш ва улар асосида асарнинг асл ва мукаммал матнини тиклаш лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.
Вебинар якунида Аҳмад Яссавий меросига оид қўлёзмаларнинг ягона халқаро илмий каталогини тайёрлаш, рақамли нусхалар базасини шакллантириш ва қиёсий-матншунослик тадқиқотларини йўлга қўйиш бўйича иштирокчилар томонидан билдирилган таклифлар маъқулланди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





