Home / МАҚОЛАЛАР / АБУ ҲОТИМ МУҲАММАД ИБН ҲИББОННИНГ “САҲИҲ”ИДАГИ ФИҚҲИЙ ҚАРАШЛАРИ

АБУ ҲОТИМ МУҲАММАД ИБН ҲИББОННИНГ “САҲИҲ”ИДАГИ ФИҚҲИЙ ҚАРАШЛАРИ

X асрда Хуросон ва Мовароуннаҳрда яшаб ижод қилган, ҳадис илми ривожига катта ҳисса қўшган муҳаддис, фақиҳ Ибн Ҳиббон Бустийдир. У ҳадис ва фиқҳ илмининг олтин давридан кейин вояга етиб, давом эттирган алломалардан бири ҳисобланади. Алломанинг ҳаёти, ижоди ва фаолияти буни тасдиқлайди. Унинг “Саҳиҳ”и бошқа ҳадис асарлари қаторида ислом оламида мўътабар манба ҳисобланади. Шу асарда келтирилган фиқҳий қарашлари ҳадисларни тушунишда кейинги фақиҳларга қўлланма сифатида ёрдам беради. Ҳадислардан ҳукм олишда нималарга эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатади.

Мавзу бўйича бир қатор араб олимларининг рисола ва илмий тадқиқотларида маълумотлар берилган. Жумладан, иорданиялик ҳадисшунос олим доктор Босим ибн Файсал Жавобира “Муҳозаратун фи маноҳижил муҳаддисин” (“Муҳаддисларнинг услуби ҳақида маъруза”) рисоласида Ибн Ҳиббоннинг ҳадисларга фойдали шарҳ берган, хулосаси ва усулини ёритишга урғу берган [3] бўлса, мисрлик фақиҳ ва ҳадисшунос олим, доктор Абдулмажид Маҳмуд Абдулмажид “Маолимул фиқҳ Ибн Ҳиббон” (“Ибн Ҳиббон фиқҳининг хусусиятлари”) номли рисоласида алломанинг ҳадис фиқҳи ҳақидаги ёндашуви, ҳадислардан ҳукм олиш, таъвил қилишга оид масалаларга аҳамият қаратган [1].

Жазоирнинг Батна шаҳридаги Ҳаж Лахзар университетида Али Шайкуш Камол эса “Ороул имом Ибн Ҳиббон ал-ҳадисия” номли магистрлик ишида Ибн Ҳиббоннинг маълум шартларга кўра ҳадисни ривоят қилишда маъносини баён қилиш, боб ва ҳадисларни тартиб билан келтириб, идрож (лафз ҳадисникими ёки ровийникими ажратиб бўлмайдиган) ҳадисларга аниқлик киритганини очиб беришга ҳаракат қилган [2]. Юқорида номлари келтирилган асарларда мавзунинг турли жиҳатлари ёритилган бўлса-да, аммо Ибн Ҳиббоннинг фиқҳий қарашлари юртимиз олимлари томонидан алоҳида тадқиқ қилинмаган. Шу сабабдан ушбу мавзуни тадқиқ этиш бугунги кундаги долзарб илмий масалалардан бири ҳисобланади.

Ёқут Ҳамавий “Мўъжамул булдон” асарида “… ибн Маъбад ибн Саид ибн Шаҳид ибн Ҳудба ибн Мурра ибн Саъд ибн Язид ибн Мурра ибн Зайд ибн Абдуллоҳ ибн Дорим ибн Ҳанзала ибн Молик ибн Зайд Манот ибн Тамим ибн Муру ибн Удд ибн Тобиха ибн Илёс ибн Музар” [4: 415], деб бутун насабини Аднонга боғлаб (яъни, Илёс ибн Музар ибн Аднон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насабларига етказиб), баъзи номларни қўшган ва жойини алмаштириб келтирган.

Аллома Ибн Ҳиббон номи билан танилган. Куняси Абу Ҳотим.

Муҳаммад ибн Ҳиббоннинг таржимаи ҳоли ҳақида ёзган алломаларнинг ҳеч бири унинг таваллуд йилини зикр этмаган. Фақат тарихчи олим Жамолиддин Абу Маҳосин Ҳанафий (ваф. 874/1469 й.) алломанинг 260/874 йил [5: 343] туғилганини айтса, Шамсиддин Заҳабий 273-279/886-892 йил оралиғида [16: 93] туғилганини айтган.

Ибн Ҳиббон ўша вақтдаги Сижистон вилоятига қарашли Буст шаҳрида таваллуд топган. Буст ҳозирги Ҳилманд провинцияси маркази Лашкаргоҳ шаҳридир.

Муҳаммад ибн Ҳиббон она шаҳрида муфассир, муҳаддис, қози Абу Муҳаммад Исҳоқ ибн Иброҳим Бустий (ваф. тах. 300/913-307/919 й.) [4: 415; 15:140]дан ҳадис тинглаган. У ҳақда Ибн Ҳиббон: “Ундан чиройли нусхаларни ёзиб олганмиз. 303/917 ёки 304/918 йили вафот этган. Солиҳ устоз эди” [8:156], деган. Яна Бустдаги устозларидан бири Абу Ҳасан Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Жунайд Бустий (ваф. 304/917 й.) [4: 415]дир. Ибн Ҳиббон у ҳақда: “Муҳаддисларнинг улуғларидан ва тақводорларнинг доноларидан бири”[7:122], деган. Бу ўша даврда Бустда ҳам алломалар гавжум бўлгани ва турли фанларни ўзлаштирган бир қанча олимлар етишиб чиққанидан далолат беради.

Ибн Ҳиббон Бустдаги олимлардан таълим олиб, илмини янада бойитиш мақсадида ўша даврдаги олимлар одатига кўра, турли мамлакат ва вилоятларга сафар қилган. Манбаларда келтирилишича, Ибн Ҳиббоннинг илм сафари Сижистондан бошланган. Ундан Хуросон ва Мовароуннаҳр, кейин Эрон, Ироқ, Ҳижоз, Шом ва Миср ўлкаларига сафар қилган.

Бу сафарлардаги устозлари икки мингдан ошган. Аллома “Саҳиҳ”ининг муқаддимасида “Эҳтимол биз Исбижобдан Искандариягача икки мингдан зиёд устоздан ҳадис ёзиб олгандирмиз” [10:109], деган. Ибн Ҳиббон бу гапи билан ўз даврида илм сафари учун имкон қадар узоқларга чиққанини айтмоқчи бўлгандир. Ибн Ҳиббон илм талабида сафар қилган шаҳарлар сони саксон бештача бўлиб, уларда беш юздан зиёд устозларидан ривоят қилган ҳадис ва хабарларни асарларига киритган.

Баъзи устозларининг номини айтиб ўтамиз: Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Азҳар ибн Ҳарис Сижзий (ваф.312/924 й.), Абдуллоҳ ибн Сулаймон ибн Ашъас Абу Бакр ибн Абу Довуд Сижистоний (ваф. 316/928 й.), Абу Амр Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Адий ибн Холид Хуросоний Марвазий Насавий, Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Авн Райёний (ваф. 313/925 й.), Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдураҳмон Сомий (ваф. тахм. 301/914 й.), Абу Али Ҳусайн ибн Идрис Хуррамий (ваф. 301/914 й.), Абу Бакр Муҳаммад ибн Усмон ибн Саид Доримий (ваф.303/916 й.), Абу Қурайш Муҳаммад ибн Жумуа Қуҳустоний (ваф. 323/935 й.), Имрон ибн Мусо ибн Мушожиъ Сахтаёний (ваф.305/918 й.), Абу Нуайм Абдулмалик ибн Муҳаммад ибн Адий Журжоний (ваф.322/934 й.), Абу Бакр Қаффол Шошийнинг шогирди Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма (ваф.311/923 й.) бўлиб, бу устозидан фиқҳни ўрганган, Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад – Ибн Ширавайҳ (ваф. 305/918 й.), Бухорий ва Муслим “Саҳиҳ”ларидан бошқа асарларида ҳадис ривоят қилган Муҳаммад ибн Абу Исҳоқ Сақафий Сирож (ваф.313/925 й.), Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр Самарқандий (ваф.311/923 й.), Абу Зар Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Юсуф Адавий (ваф.314/926 й.), Абу Фазл Ёқуб ибн Юсуф ибн Осим Осимий Бухорий (ваф.325/926 й.), Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китоби ровийси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матар ибн Солиҳ ибн Башар Фирабрий (ваф.320/926 й.), Абу Бакр Муҳаммад ибн Закариё ибн Ҳусайн Яздоний Насафий (ваф.344/956 й.), Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Хузайм ибн Қумайр ибн Хоқон Шоший, Имом Доримийнинг шогирдларидан бири Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Наср ибн Анбар Самарқандий Кабузанжакасий (ваф.315/928 й.), Абу Қосим Абдулжаббор ибн Аҳмад ибн Муҳаммад (ваф.319/932 й.), Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Фазл ибн Аббос ибн Ҳафс Балхий (ваф.317/930 й.); Наср ибн Фатҳ ибн Солим Мураббаий Самрқандий (ваф.316/929 й.) ва бошқа алломалар.

 Ибн Ҳиббоннинг машҳур шогирдлари қуйидагилардир:

Абулҳасан Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳорун Зузаний (ваф.369/979 й.), Абу Амр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Нуқотий (ваф.382/992 й.), Абулҳасан Али ибн Амр Дорақутний (ваф.385/995 й.), Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исҳоқ Абдий Асбаҳоний (ваф.395/1005 й.), Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ ибн Холид Холидий Зуҳалий Ҳаравий (ваф.402/1011 й.), Абу Муоз Абдураҳмон ибн Муҳаммад Сижистоний (ваф.426/1035 й.) ва бошқалар.

Манбаларда аллома юзга яқин асар тасниф этгани айтилади. Бизгача сақланиб қолганлари қуйидагилардир: “Саҳиҳ Ибн Ҳиббон” номи билан танилган “Ал-Муснадус саҳиҳу алат тақосими вал анвоъи”, ровийлар тарихи ҳақидаги “Ас-Сиқот”, ровийларнинг адолати ва иллати ҳақидаги “Ал-Мажруҳин”, одоб-ахлоққа тегишли “Равзатул уқало ва наҳзатул фузало”, машҳур аллома ҳақидаги “Машоҳирул уламоил амсор” ва “Тарихус саҳоба”. Муҳаммад ибн Ҳиббон саксон ёшдан ошиб, 354/965 йилда вафот этган [16: 102].

Абу Ҳотим ибн Ҳиббон “Саҳиҳ Ибн Ҳиббон” асарида ҳадисларни ажойиб сўзлар билан изоҳлаган. Ана шулар орасида ҳадиснинг фиқҳи ҳақидаги фикрини айтиш мумкин. Асарни фиқҳ китоби десак, муболаға бўлмайди. Самарқандлик муҳаддис Абу Саид Идрисий аллома ҳақида бундай деган: “Абу Ҳотим Бустий фақиҳлардан бири ва минтақа-ю мамлакатлардаги машҳур ҳадис ҳофизи бўлган. Табобат, фалакиёт ва турли илмлар олими бўлиб, “Ал-Муснадус саҳиҳ”, “Ат-Тарих”, “Аз-Зуафо” ва бошқа турли фанларга оид асарлар таълиф этган. Самарқандда одамларга фиқҳдан таълим берган” [6:99]. Ана шундан унинг фақиҳлардан бири бўлганини билиш мумкин.

Мисрлик ҳадисшунос олим, фақиҳ, тадқиқотчи, адабиётшунос ва мунаққид Аҳмад Муҳаммад Шокир (1892-1958) “Бу сарлавҳаларда Ибн Ҳиббоннинг фиқҳи ва суннатни мукаммал тарзда англагани ва билгани ўз аксини топган” [9: 17], деб “Саҳиҳ Ибн Ҳиббон” асарининг боб номларига қарата алломага таъриф берган.

Асарни ўқиган киши алломанинг ҳадислардан кейин фиқҳий хулоса берганига гувоҳ бўлади. Китобда шундай ўринлар кўп учрайди. Баъзилари ровийлар ҳақидаги гаплар бўлса, баъзилари ҳадис маъносининг батафсил шарҳи, ҳадиснинг фиқҳи ёки усули сабабларини зикр қилиш орқали маъноларни изоҳлашдан иборатдир. Шунингдек, ҳадис илми нуқтаи назаридан қараганда касбий маҳорат билан берилган изоҳлар ва шу каби бебаҳо ҳамда сараланган маълумотларни келтирган. Қуйида баъзи мисолларни келтириб ўтамиз.

Ибн Аббосдан ривоят қилинган Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг фазилати ҳақидаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Масжиддаги Абу Бакрнинг дарчасидан бошқа барча дарчаларни мендан тўсиб ташланглар”, деган ҳадислари ҳақида Ибн Ҳиббон бундай деган: “У зотнинг: “Масжиддаги Абу Бакрнинг дарчасидан бошқа барча дарчаларни мендан тўсиб ташланглар”, деган сўзларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги халифа Абу Бакр эканига далил бор. Чунки Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрдан бошқа барча одамларнинг ўзларидан кейин халифа бўлиш ниятини йўқ қилган [13:144].

Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қилган тунда жунуб бўлиб қолиш ҳақидаги ҳадисда бундай келтирилади: “Умар ибн Хаттоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тунда ўзига жунублик етиб қолишини айтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Закарингни ювиб, таҳорат қилгин-да, ухлайвер”, дедилар”. Ушбу ҳадисга Абу Ҳотим бундай изоҳ берган: “У зотнинг: “Закарингни ювиб, таҳорат қилгин”, деган сўзлари мустаҳаб буйруқ бўлиб, “сўнг ухлайвер” деганлари мубоҳ амрдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларида манийнинг нажас эканига далил йўқ. Бу ердаги буйруқ жинсий аъзони ювиш ҳақида кетмоқда. Чунки киши жимоъ қилганда жинсий аъзосига нажас тегади, бу ишдан бўшаганда, ғусл қилишидан олдин бавл қилиши керак бўлади. Жинсий аъзога нажосатнинг тегиши сабаб, уни ювишга буюрилган. Манийнинг нажас экани учун эмас. Чунки Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларидан (манийни) ишқаб ташлар эди. Сўнг у зот ўша кийимда намоз ўқирдилар” [11:181]. Имом Ибн Ҳиббон бу фиқҳий хулосани шофеий мазҳаби усулида шарҳлаган. Ҳанафий мазҳаби усулига кўра, маний енгил нажосат ҳисобланади.

У зотнинг бир тушлари ҳақида Абу Ҳурайра айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: “Уйқуда эканман, ўзимни бир қудуқ тепасида кўрдим. Унинг устида челак бор экан. Мен ундан хоҳлаганимча сув тортиб олдим. Кейин уни мендан Абу Қуҳофа олиб, у билан бир челак [ёки икки челак] сув тортиб олди. Унинг тортишида заифлик бор эди. Аллоҳ унинг заифлигини кечирсин. Кейин (челак) катта бир челакка айланди-да, уни Умар ибн Хаттоб олди. Мен одамлар орасида Ибн Хаттоб тортиб олганчалик сув тортиб оладиган устасини кўрмаганман, ҳатто одамлар атан (сув атрофида туяларни суғориб, дам олдирадиган жой)лар қуриб олишди”. Ибн Ҳиббон ушбу ҳадисни қуйидагича изоҳлаган: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушлари ҳам ваҳийдир. Аллоҳ азза ва жалла Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга тушларида бир қудуқ тепасида турганларини кўрсатди. Қудуқ мусулмонларнинг иши бўлиб, ундан манфаат олиш ҳақидадир. У зот: “Мен ундан хоҳлаганимча сув тортиб олдим. Кейин уни мендан Абу Қуҳофа олиб, у билан бир челак [ёки икки челак] сув тортиб олди”, дедилар. Бу билан мусулмонларнинг ишини назарда тутмоқдалар. “Икки челак” дегани, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалиги икки йилу бир қанча кун бўлган, маънони билдиради. Сўнг у зот: “Кейин уни Умар ибн Хаттоб олди”, дедилар. Демак, Умар розияллоҳу анҳунинг Абу Бакр розияллоҳу анҳудан кейинги халифалиги биз айтиб ўтган аниқ суннат асосида тўғри бўлиб чиқди [13:166-167]. Тарихдан маълумки, воқеалар шундай ривож топган.

Ибн Ҳиббоннинг баъзи хулосалари ғалати туюлади. Бунга мисол Анас ибн Моликнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзани узлуксиз тутишлари ҳақидаги ривоятини айтиш мумкин. “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Узлуксиз рўза тутманглар!” дедилар. Одамлар: “Ўзингиз узлуксиз рўза тутасиз-ку?!” деди. У зот: “Мен сизларнинг бирортангиздек эмасман. Албатта, мен едириб-ичириламан”, дедилар”. У зот узлуксиз (яъни, ифторлик ва саҳарлик қилмай бир кундан ортиқ) рўза тутардилар. Ибн Ҳиббон Набий алайҳиссаломнинг очликдан қоринларига тош боғлаганлари ҳақидаги ҳадисни инкор этиб, бундай хулоса чиқарган: “Бу хабар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қоринларига тош боғлаш ҳақидаги хабарларнинг ҳаммаси ботил эканига далилдир. Бунинг маъноси الْحَجَرُ [ал-ҳажару] тош эмас, балки الْحُجَزُ [ал-ҳужазу]дир. الْحُجَزُ [ал-ҳужазу] изорнинг бойлайдиган тарафидир. Аллоҳ азза ва жалла Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам узлуксиз рўза тутганларида едириб-ичирар экан, қандай қилиб, узлуксиз рўза тутмаганда қоринларига тошни боғлашга муҳтож бўладиган даражада оч қолдирарди. Тош очликни тўсмайди” [12:66].

Шунинг учун Шамсиддин Заҳабий “Ас-Сияр” асарида Ибн Ҳиббонга раддия бериб, “Саҳиҳ”ида ўзи келтирган, Ибн Аббосдан ривоят қилинган Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг очлик туфайли уйларидан чиққанлари ҳақидаги бир ҳадисни далил қилган. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашиб қолиб, ҳоллари ҳақида хабар берган. Шунда у зот: “Мен ҳам, нафсим “Қўли”да бўлган Зотга қасам, мени ҳам шу олиб чиқди” [11:488], деганлар. Бу у зотнинг фақат узлуксиз рўза тутганларида едириб ичирилганидан далолат беради [14:98]. Набий алайҳиссалом очқаганлар ҳам, тўйганлар ҳам, турганлар ҳам, ухлаганлар ҳам ва бошқа ҳаётий зарурат масалаларида қолган одамлардек бўлганлар.

Буйруқларнинг қай даражада экани ҳақида Умму Қайс бинти Миҳсондан бундай ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кийимга тегадиган ҳайз қони ҳақида сўрадим. У зот: “Уни чўп билан ишқалаб ташлаб, сув ва сидр (совун вазифасини ўтовчи ўсимлик) билан ювгин”, дедилар”. Абу Ҳотим бундай изоҳ берган: “У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “У сув билан ювгин”, деганлари фарз бўлиб, сидр билан ювиш ва чўп билан ишқалаш мустаҳаб ва кўрсатма буйруқдир” [11:182].

Сўнг Асмодан ривоят қилинган хабарни келтирган: “Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳайз қони ҳақида сўради. У зот: “Уни қиртишлаб ташла, кейин сув билан ишқалаб, устидан сув сеп ва унда намоз ўқийвер”, дедилар”. Абу Ҳотим айтади: “Қиртишлаш ва устидан сув сепиш мустаҳаб буйруқ бўлиб, қилиниши муқаррар иш эмас. Сув билан ишқалаб ювиш буйруғи шартига боғлиқдир, яъни айни ўзини кетказишдир. Айнини кетказиш эса фарздир. Ишқаламасдан кетказа олса, сув билан ишқалаб ювиш нафл иш бўлади. Ювганидан кейин ўша кийимда намоз ўқиш мубоҳ буйруқ ҳисобланади. У қатъий буйруқ эмас” [11:184]. Аллома шу каби ҳадис ва хабарларга ўз хулосаларини келтирган. Бундан ташқари, луғатлар, ҳадис шарҳлаш, носих, мансух ва бошқа мавзуларга оид масалаларнинг фиқҳий изоҳларини бериб ўтган.

Хулоса ва таклифлар. Хулоса сифатида айтиш мумкинки, ҳадислар ҳукм олишда иккинчи манба ҳисобланади. Замонавий фиқҳий масалаларни таҳлил этишда ҳадисларни атрофлича ўрганиб, муҳаддис ва фақиҳлар усулида хулоса қилинади. Муҳаммад ибн Ҳиббоннинг ҳадислардан масала олиш усули ўзига хос ҳисобланган. Барча муҳаддисларнинг ҳадислардан хулоса чиқаришда ўз фикри бўлган. Ибн Ҳиббоннинг ҳам бу борадаги фикрларини қисқача баён қилдик. Ҳадис илмини китобга тушириш асoсан ҳижрий биринчи асрдан бoшланган бўлса, учинчи асрга келиб ўз чўққисига етган. Шунингдек, фиқҳ илми ҳам такомиллашиб келган.

Бунга Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий, Имом Доримий, Имом Буxoрий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий каби машҳур муҳаддислар катта ҳисса қўшган. Мазкур олтин даврнинг давомчиларидан бири Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон ҳам муҳаддислар илмий меросини тадқиқ этиш, ҳадис ва фиқҳ илмларида янги қирраларни кашф этишда катта хизмат қилди.

Машҳур муҳаддис ва фақиҳ уламоларнинг қoлдирган бoй илмий мерoси биз ва келажак авлoд учун катта ҳаёт мактаби вазифасини ўтайди. Шуни эътирoф этиш керакки, шариат ҳадис ва фиқҳ билан чамбарчас боғлиқдир. Бугунги кунда ҳам баъзи замонавий масалаларга фатво ҳайъати шу каби асарлардан жавоб топиб, одамлар эҳтиёжини қондириб келмоқда. Бу борада Ибн Ҳиббоннинг ҳадис ва фиқҳга, умуман, ислом илмларига қўшган ҳиссаси ҳақида рисолалар ёзиш, асарларини изоҳли таржима қилиб, китобхонларга етказиш мақсадга мувофиқдир.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Абдулмажид Маҳмуд Абдулмажид. Маолимул фиқҳ Ибн Ҳиббон. – Тоиф. Мактабутул баён, 1995.
  2. Али Шайкуш Камол. Ороул имом Ибн Ҳиббон ал-ҳадисия (магистрлик диплом иши). – Батна: Ассанатул жомиъия, 2007.
  3. Босим ибн Файсал Жавобира. Муҳозаратун фи маноҳижил муҳаддисин. – Аммон (Нашриёти кўрсатилмаган), 2015.
  4. Ёқут Ҳамавий. Мўъжамул булдон. Ж.1. – Байрут: Дору содр, 1977.
  5. Жамолиддин Абу Маҳосин Юсуф ибн Тағрий Бардий Ҳанафий. Ан-Нужумуз зоҳира. Ж.3. –Қоҳира: Дорул кутуб, 1971.
  6. Муҳаммад ибн Ҳиббон. Ал-Иҳсон фи тақриби Саҳиҳ ибн Ҳиббон. Ж.1. Амир Алоуддин Форисий муқаддимаси. – Байрут: Муассасатур рисола, 1988.
  7. Муҳаммад ибн Ҳиббон. Ас-Сиқот. Ж.8. Муҳаммад Абдулмуидхон раҳбарлигида. – Ҳайдаробод: Доиратул маорифил Усмония, 1973.
  8. Муҳаммад ибн Ҳиббон. Ас-Сиқот. Ж.9. Муҳаммад Абдулмуидхон раҳбарлигида. – Ҳайдаробод: Доиратул маорифил Усмония, 1973.
  9. Муҳаммад ибн Ҳиббон. Саҳиҳ Ибн Ҳиббон. (Амир Алоуддин Али ибн Балбон Форисий. Саҳиҳ Ибн Ҳиббон би тартиб Амир Алоуддин Форисий). Ж.1. Аҳмад Муҳаммад Шокир тадқиқи. – Қоҳира: Дорул маориф, 1952.
  10. Муҳаммад ибн Ҳиббон. Саҳиҳ Ибн Ҳиббон. Ал-Муснадус саҳиҳу алат тақосими вал анвоъи мин ғайри вужуди қатъин фи санадиҳо вала субути жарҳин фи ноқилиҳо. Ж.1. Муҳаммад Али Сўнмез ва Холис Ойдемир тадқиқи. – Байрут: Дор Ибн Ҳазм, 2012.
  11. Муҳаммад ибн Ҳиббон. Саҳиҳ Ибн Ҳиббон. Ал-Муснадус саҳиҳу алат тақосими вал анвоъи мин ғайри вужуди қатъин фи санадиҳо вала субути жарҳин фи ноқилиҳо. Ж.2. Муҳаммад Али Сўнмез ва Холис Ойдемир тадқиқи. – Байрут: Дор Ибн Ҳазм, 2012.
  12. Муҳаммад ибн Ҳиббон. Саҳиҳ Ибн Ҳиббон. Ал-Муснадус саҳиҳу алат тақосими вал анвоъи мин ғайри вужуди қатъин фи санадиҳо вала субути жарҳин фи ноқилиҳо. Ж.3. Муҳаммад Али Сўнмез ва Холис Ойдемир тадқиқи. – Байрут. Дор Ибн Ҳазм, 2012.
  13. Муҳаммад ибн Ҳиббон. Саҳиҳ Ибн Ҳиббон. Ал-Муснадус саҳиҳу алат тақосими вал анвоъи мин ғайри вужуди қатъин фи санадиҳо вала субути жарҳин фи ноқилиҳо. Ж.4. Муҳаммад Али Сўнмез ва Холис Ойдемир тадқиқи. – Байрут: Дор Ибн Ҳазм, 2012.
  14. Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Сияр аъломин нубало. Ж.11. – Байрут: Муассасатур рисола, 1996.
  15. Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Сияр аъломин нубало. Ж.14. Шуайб Арнаут ва Акрам Буший тадқиқи. – Байрут: Муассасатур рисола, 1996.
  16. Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Сияр аъломин нубало. Ж.16. Шуайб Арнаут ва Акрам Буший тадқиқи. – Байрут: Муассасатур рисола, 1996.

Қодирхон МАҲМУДОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” АСАРИНИНГ ИСЛОМ ИЛМЛАРИ РИВОЖИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

Мовароуннаҳр диёридан жаҳон цивилизацияси ва ислом тамаддуни ривожига катта ҳисса қўшган муфассир, муҳаддис, мутакаллим ва …