Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида йўлга қўйилган “Ислом – тинчлик ва маърифатпарварлик дини” мавзусидаги халқаро онлайн илмий семинарлар туркуми изчил давом эттирилмоқда. Ушбу ташаббус доирасида Марказ ходимлари, Қозоғистон Геосиёсий тадқиқотлар институти, “AQNIET” ахборот-тарғибот ва реабилитация маркази ҳамда Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) вакиллари иштирокида навбатдаги иккинчи халқаро онлайн семинар ўтказилди. Унда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Дипломатик академия кафедра мудири, сиёсий фанлар доктори, профессор Равшан Алимов “Марказий Осиё умумжаҳон сиёсатида: геосиёсий жараёнлар, диний хавфсизлик ва минтақавий барқарорлик истиқболлари” мавзусида маъруза қилиб, шу номдаги янги китобининг тақдимотини ўтказди. Анжуманда Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркия ва бошқа давлатлардан келган етакчи олимлар, экспертлар ҳамда тадқиқотчилар иштирок этди.


Маърузада Марказий Осиёнинг замонавий халқаро муносабатлар тизимидаги стратегик ўрни, диний хавфсизлик соҳасидаги реал таҳдидлар ва уларга қарши курашишнинг илмий-маърифий асослари чуқур таҳлил этилди. Профессор Р.Алимов ўз маърузасида Марказий Осиё бугунги кунда жаҳон сиёсатининг муҳим маркази ва стратегик чорраҳасига айланганига алоҳида урғу берди. Минтақанинг 4 миллион квадрат километрлик ҳудуди ва 85 миллионлик аҳолиси улкан табиий ресурслар ҳамда транспорт-коммуникация салоҳиятини ўзида жамлаган. Қайд этилганидек, Қозоғистон жаҳон уран ишлаб чиқаришининг қарийб 40 фоизини таъминлайди. Туркманистон 11,3 триллион куб метрлик исботланган табиий газ захираси билан жаҳонда биринчи бешликка киради. Ўзбекистон уран, мис ва олтин захираси билан дунёнинг етакчи давлатлари қаторидан жой олган бўлса, Тожикистон сурма ишлаб чиқариш бўйича жаҳон бозорида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Бундай улкан иқтисодий салоҳият ва стратегик коридорлар минтақани йирик куч марказлари рақобати туташган геосиёсий майдонга айлантирмоқда.

Семинарда мустақиллик йилларида минтақада диний инфратузилманинг ўсиш динамикаси қиёсий таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, ҳар бир давлат бу жараёнда ўзига хос моделни шакллантирган. Қозоғистон секуляризм ва диний ривожланиш мувозанатини сақлаб келаётган бўлса, Қирғизистон диний уйғонишнинг юқори суръатларини бошдан кечириб, масжидлар сонини қарийб 4000 тага етказган. Тожикистон юқори динийлик муҳитида Афғонистон билан чегарадошлик сабабли қатъий назорат сиёсатини юритади. Туркманистонда динийлик кўпроқ миллий анъаналар шаклида намоён бўлади. Ўзбекистон эса анъанавий ҳанафийлик ва мотуридийлик меросига асосланган “Маърифий ислом модели”ни илгари сурмоқда. Экстремизмга қарши курашда куч ишлатиш эмас, балки профилактика, либераллашув ва зиёрат туризмини ривожлантириш устувор йўналиш этиб белгиланган бўлиб, бу халқаро экспертлар томонидан энг мувозанатли сиёсат сифатида эътироф этилмоқда.
Маърузада трансмиллий экстремистик ташкилотларнинг медиа маҳсулотларини маҳаллий тилларда тарқатаётгани реал хавф сифатида баҳоланди. Профессор Р.Алимов замонавий экстремистик ташкилотлар асосий фаолият майдонини интернетга — Telegram, YouTube, TikTok каби тармоқларга кўчирганини, шу сабабли асосий фронт эндиликда чегараларда эмас, балки ахборот маконида жойлашганини алоҳида қайд этди. Семинар якунида динийликнинг ўсиши автоматик равишда экстремизмга олиб келади деган қарашлар илмий асосда рад этилиб, диний саводхонлик ва маърифий фаолият радикал ғояларга қарши энг кучли иммунитет экани таъкидланди.

Минтақанинг келажакдаги барқарорлиги куч ишлатиш билан эмас, балки билим, маърифат, ижтимоий адолат ва ташқи кучлар рақобати майдонига айланмаган ҳолда, беш давлатнинг ҳамжиҳатлиги ҳамда ягона бозор сари интилиши орқали таъминланади.


Иштирокчилар олимнинг тизимли таҳлиллари, хулосалари ва янги нашр этилган китобини юқори баҳолаб, бу йўналишдаги тадқиқотлар минтақавий хавфсизлик архитектурасини янада мустаҳкамлашда муҳим пойдевор бўлишини қайд этди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





