Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари учун ташкил этилган махсус ўқув курси доирасида навбатдаги машғулот бўлиб ўтди.

Унда Марказ илмий ходими Тоҳир Эвадуллаев “Янги Ўзбекистонда Имом Бухорий илмий меросининг ўрганилиши” мавзусида маъруза қилди.
Тадқиқотчи сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий ва диний қадриятларни тиклаш, улуғ алломалар, хусусан, Имом Бухорийнинг бой маънавий меросини тадқиқ этиш ҳамда унинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш борасида давлат сиёсати даражасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг аҳамиятига тўхталди.

Таъкидланганидек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан олиб борилаётган кенг қамровли ва тизимли изланишлар бугунги давр талаби асосида буюк муҳаддис меросини чуқур тадқиқ этиш ҳамда унинг асл моҳиятини келажак авлодга соф ҳолда етказишда бош мезон бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, юртимизда ташкил этилган бошқа соҳавий илмий мактаблар, хусусан, Ҳадис илми мактабидаги олий таълим ва малакали кадрлар тайёрлаш тизими ҳамда диний-маърифий йўналишдаги бошқа тадқиқот муассасаларининг ўзаро уйғун фаолияти бу борадаги ишларни изчил ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.

Тингловчилар Янги Ўзбекистонда аллома меросини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг умумий кўлами ҳамда мажмуанинг бугунги кундаги маърифат маскани сифатидаги юксак мақоми хусусида зарур тушунчаларга эга бўлди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





