Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастурининг Марказда амалиёт ўтаётган совриндори, Туркиядаги Дижла университети докторанти Мустафо Алагўзўғли ўз тадқиқотларининг тақдимотини ўтказди.

Тадқиқотчи XIV-XV асрларда Мовароуннаҳрда яшаб ижод қилган йирик мутасаввиф, муҳаддис ва фақиҳ, Баҳоуддин Нақшбанднинг энг яқин шогирдларидан бири – Хожа Муҳаммад Порсонинг ҳаёти ва илмий фаолиятига тўхталиб ўтди. Алломанинг ўттизга яқин асари маълум бўлиб, улар орасида “Фаслул хитоб”, “Рисолаи Қудсия” ва “Таҳқиқот” каби асарлар нақшбандия таълимоти ва ислом илмлари ривожида алоҳида аҳамиятга эга.

Тақдимотда алломанинг ҳали нашр этилмаган ва бугунги кунда фақат Туркия кутубхоналарида қўлёзма нусхалари сақланаётган “ Фусулус ситта” (“Олти фасл”) асарининг илмий қиммати атрофлича таҳлил қилинди. Мазкур асар ҳадислардан шаръий ҳукмлар чиқариш методологиясига бағишланган бўлиб, унда фиқҳни саҳиҳ ҳадислар асосида қуриш ва фиқҳий масалаларни ҳадислар билан далиллаш йўллари кўрсатиб берилган. Муаллиф ҳадис илмини исломий илмларнинг энг шарафлиси деб билади ва унинг шариат аҳкомларининг асл манбаларини баён қилиши туфайли шариатни сақлашдаги ўрнини юқори баҳолайди. Асарнинг асосий мақсади – кейинги давр уламолари асарларида тарқоқ ҳолда учрайдиган масалаларни жамлаш, фатволарнинг усулий асосларини ёритиш ҳамда усул ва фуруъга оид қоидалар орасидаги боғлиқликни очиб беришдан иборат.

Китобда ҳадисларни мазҳабга қарши далил сифатида қўллаш масаласи, Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг ҳаёти ва илмий мероси, саҳиҳ ҳадислардан фиқҳий ҳукмлар чиқариш усуллари ҳамда ушбу методологиянинг амалий намуналари батафсил баён этилган. Бундан ташқари, манбада ҳадис ва фиқҳ усуллари билан бирга ижтиҳод, тақлид, таҳорат каби масалалар, шунингдек, тасаввуф тарихи, сўфийлар табақалари ва ҳадис ривоятидаги “ижоза” тушунчасининг аҳамияти ўзаро уйғунликда таҳлил қилинган.

Эътиборли жиҳати шуки, асар ҳали тўлиқ ўрганилмаган бўлиб, ундаги айрим фаслларнинг мазмун-моҳияти тадқиқотчилар томонидан ҳанузгача батафсил ёритилмаган.
Семинар якунида иштирокчилар мазкур тақдимот Хожа Муҳаммад Порсонинг муҳаддислик ва фақиҳлик фаолиятини янгича илмий мезонлар асосида баҳолашда, шунингдек, Мовароуннаҳр илмий мактабларининг бой қўлёзма меросини чуқур ўрганишда муҳим қадам бўлганини таъкидлади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





