Албатта, Президентимиз томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларни мўъжаз мақолада ёритиб беришни имкони йўқ. Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний соҳада амалга оширилган ислоҳотларни қисман зикр қилдик. Мазкур ислоҳотлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, бағрикенглик ва маънавий барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Юртимиздаги ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда. Хусусан, 2022 йил 8 июнь куни Қоҳирада бўлиб ўтган халқаро анжуманда “Жаҳолатга қарши маърифат” тамойили асосида экстремистик ғоялар таъсиридан халқимизни ҳимоя қилишда соф ислом ақидасини кенг ёйиш, чиройли панду насиҳат қилиш ва аҳолининг бу борадаги саводхонлигини оширишга катта эътибор берилаётгани эътироф этилди. Янги Ўзбекистонда мазкур йўналишдаги тажрибалар, амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар Миср Араб Республикаси муфтийси, профессор Шавқий Иброҳим Аллом, давлат ва дин арбоблари томонидан юқори баҳоланди.
Жорий йилнинг 17 март куни нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё халқлари ҳаётида оламшумул тарихий воқеа содир бўлди. Тошкентда илм-маърифат ва улуғворликни ўзида мужассам этган муҳташам Ислом цивилизацияси маркази очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда давлатимизнинг очиқлик сиёсатига ҳурмат эътибор ифодаси сифатида Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари ҳам қатнашгани диққатга сазовордир. Бу маросимда Президентимиз Ўзбекистон халқини Марказ очилиши муносабати билан табриклаб, қуйидаги фикрларни билдирди: “Бугунги Рўзаи Рамазон кунида барчамиз яна бир том маънода тарихий воқеада иштирок этмоқдамиз. Халқимизнинг ақл-заковати, фидокорона меҳнати билан бунёд этилган улуғвор ва ноёб мажмуа – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиш маросимини ўтказмоқдамиз.
Не-не аждодларимизнинг орзу-ниятлари, армонлари рўёбга чиққан мана шундай унутилмас кун билан, чинакам илм-маърифат байрами билан ҳаммангизни чин қалбимдан табриклайман.
Мамлакатимизнинг уч минг йиллик шонли тарихи ва бой маданиятининг, Янги Ўзбекистон имкониятларининг ёрқин кўзгуси бўлган ушбу бетакрор ва буюк мажмуа барчамизга, бутун халқимизга муборак бўлсин!”.
Президентимиз дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган аждодларимиз илмий меросини шаклланишида ислом динининг ўрни катта эканини алоҳида таъкидлаб қуйидаги фикрларни билдирди: “Аниқ ва табиий фанлар соҳасида ўз кашфиётлари билан жаҳонни ҳайратга солган улуғ олимларимиз асарлари ҳам исломий муҳит бағрида вужудга келган. Дунёга машҳур бу китоблар “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим”, деган илоҳий сўзлар билан бошлангани уларнинг муқаддас динимиздан илҳом ва куч олиб яратилганини билдиради. Нафақат бизнинг юртимиз, балки бепоён минтақамизнинг маънавий мулки бўлган ана шундай бебаҳо бойликни чуқур ўрганиш ва жаҳон миқёсида тарғиб этиш мақсадида уни Ислом цивилизацияси, деган ном остида бирлаштиришга қарор қилдик.
Биз Марказ қурилишини илмий тадқиқот ва изланиш ишлари билан баробар равишда олиб бордик. Ўтган даврда кўҳна меросимизга оид, бизга умуман номаълум бўлган қанча-қанча ноёб маълумотларни кашф этдик.
Халқаро экспертлар эътироф этганидек, бугун Ўзбекистонда ислом цивилизацияси меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича ўзига хос катта илмий мактаб яратишга эришдик. Нақадар катта имкониятларимиз, интеллектуал салоҳиятимиз борлигини дунёга намоён эта олдик”.
Ушбу Марказ ўзида том маънода ўзбек халқининг ўтмиш ва ҳозирги замонда илм-маърифатли ва бунёдкор халқ сифатида ислом цивилизациясига қўшган ҳиссасини ифодалайди.
Ҳар бир неъмат шукронаси ўша неъмат бардавомлиги омилидир. Президентимиз томонидан жорий йилнинг март ойида Рамазон ҳайити муносабати билан Имом Бухорий мажмуасининг очилиши ҳам халқимиз учун улуғ неъмат бўлди. Имом Бухорий илмий мероси асрлар давомида у зотнинг ҳадис илми соҳасида “муҳаддислар султони” эканини илмий исботи бўлса, ушбу муҳташам маҳобатли масжид Имом Бухорий номининг улуғворлигини асрлар давомида юксакликка кўтариб турувчи пойдевор ҳисобланади.
Амалга оширилаётган хайрли ишларни кўра олмаслик энг катта ношукрликдир. Айрим неъматлар шукронаси шукр ва ҳамд айтиш билан адо этилади. Масалан, таомдан сўнг шукроналик дуоси билан ўша неъмат шукри адо қилинади. Аммо айрим неъматлар борки, унинг шукронаси фақат шукр ва ҳамд айтиш билан адо бўлмайди. Аксинча, унинг шукронаси учун амалий ҳаракатлар лозим. Масалан, бир маҳаллага замонавий мактаб қуриб берилди. Яхши таълим бериш унинг шукронаси ҳисобланади. Тинчлик неъматининг шукронаси эса уни асраб авайлашдир.
Бундан ташқари, бир халқ устига оқил, доно инсон раҳбар қилиб берилса, унинг шукронаси раҳбар атрофида бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилиш, унинг хайрли ишларида камарбаста бўлиш, бунга ҳам қурби етмаса ҳақига хайрли дуолар қилиш билан амалга ошади. Сўзимиз сўнгида Аллоҳ таоло халқимизни мана шундай раҳбар билан неъматлантиргани учун шукр қилишга, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга тафаккур назари билан қарашга чорлаб қоламиз. Зеро, юқорида айтилганидек, берилган неъматга шукр қилиш ўша неъматнинг бардавом бўлиши омилидир.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





