Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказнинг илмий салоҳияти – туркиялик олимлар эътирофида

Марказнинг илмий салоҳияти – туркиялик олимлар эътирофида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Туркиянинг Дижла университети ҳамкорлигида «Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг фаолияти ва илмий-инновацион имкониятлари» мавзусида онлайн илмий семинар ўтказилди.

Семинарни Имом Бухорий халқаро стипендия дастури совриндори, Дижла университети илоҳиёт факультети докторанти Мустафо Алагўзўғли олиб борди.

Тадбирда Марказ директори ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), катта илмий ходим Отабек Муҳаммадиев Марказнинг ташкил топиш тарихи, асосий фаолият йўналишлари ҳамда кейинги йилларда эришилган илмий натижалар ҳақида батафсил маъруза қилди.

Тақдимот давомида Марказнинг мамлакатимиз ва хорижда Имом Бухорий илмий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш борасида амалга ошираётган ишлари, халқаро ҳамкорлик алоқалари, рақамлаштириш жараёнлари, нодир қўлёзмалар фонди, илмий кутубхона ҳамда замонавий илмий-инновацион инфратузилмаси ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, Марказ томонидан тайёрланган фундаментал илмий нашрлар ва тадқиқотлар ҳам иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. Хусусан, «Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ»нинг қўлёзма нусхалари каталоги, «XV–XX аср бошларида Марказий Осиёда кутубхоначилик тарихи», «VII–IX асрларда Мовароуннаҳрда ҳадис илми ривожи» каби монографиялар, шунингдек, юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар ҳаёти ва илмий меросига бағишланган «10 ҳақиқат» туркуми нашрлари ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Маърузада Марказнинг Туркия, Малайзия, Марокаш, Жазоир ва бошқа давлатларнинг нуфузли илмий муассасалари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошираётгани, халқаро конференциялар, симпозиумлар, илмий стажировкалар ва академик алмашинув дастурларида фаол иштирок этаётгани алоҳида таъкидланди.

Тадбир якунида туркиялик олим ва тадқиқотчилар Марказнинг илмий-инновацион салоҳияти, халқаро ҳамкорлик йўналишида амалга ошираётган кенг қамровли фаолияти ҳамда жаҳон миқёсида Имом Бухорий илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак эътироф этди. Шунингдек, Марказ билан илмий алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва қўшма ташаббусларни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Тадбир Марказнинг илмий салоҳияти ва инновацион имкониятларини халқаро академик жамоатчиликка кенг танитиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Самарқанд илҳоми

Малайзия халқаро ислом университети (IIUM) профессори Шукрон Абдураҳмоннинг «From Samarqand with Love: A Memoir Across …