Home / МАҚОЛАЛАР / “СУЛОСИЁТУЛ БУХОРИЙ”НИНГ НОДИР ҚЎЛЁЗМА НУСХАЛАРИ

“СУЛОСИЁТУЛ БУХОРИЙ”НИНГ НОДИР ҚЎЛЁЗМА НУСХАЛАРИ

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий “Амирул мўминин фил ҳадис” “(Ҳадис илмида мўминларнинг амири)” “Имомул муҳаддисин” (Муҳаддислар имоми), “Имомуд дунё” “(Дунё имоми)” ва “Шайхулислом”[7:11-12] рутбаларига сазовор бўлган. Алломанинг ҳаёти ва бой маънавий меросини кенг тадқиқ этиш юзасидан нафақат юртимиз, балки бутун ислом оламида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Манбаларда Имом Бухорий қирқ йил мобайнида кўплаб мамлакатларда илмий сафарда бўлиб, йигирма тўртта асар ёзгани қайд этилган. Алломанинг шоҳ асари – “Саҳиҳул Бухорий”да 7563 ҳадис жамланган. Ҳадислар санади (ровийлар силсиласи)даги ровийларнинг сони учтадан тўққизтагачадир. Жумладан, 7135-тартиб рақами билан келган биргина ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Имом Бухорийга тўққизта ровий орқали етиб келган. Ҳадисларнинг аксари 5-6 ровийлик ҳадислар ҳисобланади. Уч ровий орқали етиб келган ҳадислар эса 22 тани ташкил этади. Яъни муаллиф билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўртасидаги ровийларнинг сони уч кишидан иборат. Масалан, Имом Бухорий ҳадисни таба тобеиндан, у тобеиндан, у саҳобадан, саҳоба эса шахсан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган. Уч ровийли – олий санадли ҳадисларни ўз ичига олган асарлар “Сулосиёт” деб номланган.

Тадқиқотнинг мақсади. Муҳаддислар жамлаган “Сулосиёт” асарлар, “Сулосиётул Бухорий”га ёзилган шарҳлар ҳақида маълумот бериш, “Сулосиётул Бухорий”нинг дунё кутубхона ва архивларида сақланаётган нодир қўлёзма нусхаларини аниқлаш ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинасида сақланаётган “Сулосиётул Бухорий”нинг нодир қўлёзма нусхасини кодикологик таҳлил қилишдан иборат.

Муҳаддисларнинг “Сулосиёт” асарлари. “Сулосиёт” китоблар талайгина бўлиб, улар орасида “Сулосиётул Бухорий” анча машҳурдир. Имом Доримийнинг (797-869 й.) сулосиётида ўн еттита, Ибн Можанинг (824-887 й.) сулосиётида бешта, Имом Абу Исо Термизийнинг (824-892 й.) сулосиётида битта, Имом Табарий (873-971 й.) битган ҳадислар тўпламида учта ва Имом Аҳмаднинг (780-855) “Муснад” асарида 332 та ҳадис уч ровийлидир.

Бу турдаги ҳадислар олти саҳиҳ ҳадис тўпламига кирувчи китобларнинг барчасида ҳам учрамайди. Масалан, Имом Муслим (820-875), Имом Абу Довуд (817-889) ва Имом Насоий (830-915)нинг тўпламларида уч ровийлик ҳадислар келмаган [6:7-8].

“Сулосиётул Бухорий”га ёзилган шарҳлар. “Сулосиётул Бухорий”га ўндан ортиқ олимлар томонидан шарҳлар ёзилган.

Жумладан:

  • Абулхайр Муҳаммад ибн Абу Имрон Мусо Марвазий Саффор (988-1078) биринчилардан бўлиб “Сулосиётул Бухорий”га “Шарҳ Сулосиётул Бухорий” номли шарҳ ёзган.
  • Шамсиддин Муҳаммад ибн Абдуддоим ибн Мусо Бирмовий Мисрий Шофеий (1362-1428) ҳам “Шарҳ Сулосиётул Бухорий” номли шарҳ ёзган. Унинг шарҳи манзума шаклидаги уржуза бўлиб, бир неча марта нашр қилинган.
  • Ибн Ҳажар Асқалоний (71372-1449) “Тажрид Сулосиётул Бухорий” номли шарҳ ёзган.
  • Муҳаммад ибн Иброҳим Ҳазрамий (ваф. 1376) “Ал-Фарондул марвиёт фи фавоидис сулосиёт” номли шарҳ ёзган. Ушбу шарҳ 2014 йили Мисрда нашр қилинган.
  • Муҳаммадшоҳ ибн Ҳасан ибн Муҳаммад Румий Ҳанафий (ваф. 1532) “Шарҳ Сулосиётул Бухорий” номли шарҳ ёзган.
  • Шамсиддин Муҳаммад Кўҳистоний (ваф. 1555) “Шарҳус сулосиёт” номли шарҳ битган.
  • Мавлоно Ҳамидуддин ибн Абдуллоҳ Синдий Маданий (ваф. 1600) томонидан 1595 йилда “Шарҳ Сулосиётул Бухорий” номли шарҳ ёзилган. Мазкур шарҳнинг 1277/1860 йилда кўчирилган 64 варақдан иборат 1 дона қўлёзма нусхаси ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида №8742/I рақам остида сақланади.
  • Нуриддин Али ибн Султон Муҳаммад Ҳиравий Маккий Ҳанафий (ваф. 1605) ҳам “Таълиқотул қори ъала Сулосиётул Бухорий” номли шарҳ ёзган. Мазкур шарҳда асосан “Фатҳул Борий” асаридан фойдаланган.
  • Шаҳобиддин Аҳмад Мисрий Шофеий Ажамий (1605-1675) “Шарҳ Сулосиётул Бухорий” номли шарҳ ёзган.
  • Али Байюмий (1696-1769) “Ҳадоётул Борий фи сулосиётил Бухорий” номли асар ёзган.
  • Абдулбосит ибн Рустам Қаннужий Ҳиндий Ҳанафий (1746-1808) “Назмул лаолий фи шарҳи Сулосиётил Бухорий” номли шарҳ ёзган.
  • Муҳаммад Сиддиқхон ибн Ҳасанхон Қаннужий (1832-1890) “Ғунятул кори би таржимати Сулосиётул Бухорий” номли шарҳ ёзган.
  • Шайх Муҳаммад Мажаллий Шахрий (ваф. 1902) “Ад-Дарорийун ноширот фи таржимат ма фил Бухорий мин сулосиёт” номли шарҳ ёзган.
  • Абуттаййиб Муҳаммад Шамсулҳақ Азимободий (1856-1911). “Фазлул Борий шарҳ Сулосиётул Бухорий”.
  • Абдуссабур ибн Абдуттаввоб Мултоний (ваф. 1930) “Инъомул мунъимил Борий би шарҳи Сулосиётул Бухорий” номли шарҳ ёзган [2:8-11].

“Сулосиётул Бухорий”нинг нодир қўлёзма нусхалари. Ҳозирги кунда “Сулосиётул Бухорий”нинг нодир қўлёзма нусхалари дунёнинг барча минтақаларидаги кутубхона ва архивларида сақланмоқда.

Жумладан:

  • Германиядаги Берлин давлат кутубхонасида инв. № 1620 (Кўчирилган сана: 949/1542 й. ҳажми: 1-4 варақ) ва инв. № 1621 (Кўчирилган сана: 1150/1737 й. ҳажми: 37-41 варақ);
  • Миср Араб Республикасидаги Азҳар кутубхонасида инв. №125 (ҳажми: 1б – 17б варақ);
  • Покистон Ислом Республикасидаги Қосимия кутубхонасида инв. № 20 (ҳажми: 15 варақ);
  • Россия Федерациясидаги Санкт-Петербург кутубхонасида инв. № B 2283 (ҳажми: 28б-33б варақ.), инв. № B 3004 (Кўчирилган сана: 1313/1896 й. ҳажми: 50б-68б варақ) ва инв. № B 4250 (Кўчирилган сана: 1016/11607 й. ҳажми: 246б-251б варақ);
  • Саудия Арабистонининг Риёд шаҳридаги “Подшоҳ Файсал илмий тадқиқотлар ва исломшунослик маркази кутубхонаси” кутубхонасида инв. №-1884, فك-1885,ف -3-1148 (Хаттот: Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Аҳмад Жуъфий. Кўчирилган сана: 1285/1842 й. ҳажми: 8 варақ);
  • Тунис Республикасининг Тунис Миллий кутубхонасида инв. № 139. № A-MSS-6809;
  • Туркиядаги Анқара миллий кутубхонасида инв. № 139 (Кўчирилган сана: 934/1527 й. ҳажми: 57б-61а варақ), инв. № № 543/6 (ҳажми: 84б-88а варақ), Коня ўлка ёзма асарлар кутубхонасида инв. № 374/4 (ҳажми: 30б-38а варақ.), Истанбул шаҳридаги Сулаймония кутубхонасининг Асад Афанди коллекциясида инв. № 3547 (ҳажми: 1-4 варақ), Аё София коллекциясида инв. № 000882 (ҳажми: 120-122 варақ), Лалели коллекциясида инв. № 000255-006 (ҳажми: 81-83 варақ), Раисул куттаб коллекциясида инв. № 001190 (Кўчирилган сана: 949/1542 й. ҳажми: 24-26 варақ), Шаҳид Али Пошо коллекциясида инв. № 000333 (Хаттот: Қосим ибн Муҳаммад. ҳажми: 56-61 варақ), Ҳамидия коллекциясида инв. № 001456 (Кўчирилган сана: 879/1474 й. ҳажми: 235-240 варақ);
  • Ўзбекистон Республикасидаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинасида инв. № 428/IV (Кўчирилган сана: 994/1585-86 й. ҳажми: 188а-192а варақ) ва Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида инв. № 4079 (ҳажми: 111б-116б варақ), инв. № 4079/II (Кўчирилган сана: 998/1590 й. ҳажми: 111а-116б варақ), инв. № 4876 (ҳажми: 116б-123б варақ), инв. № 6591 (ҳажми: 59б-63а варақ), инв. № 6767 (ҳажми: 145б-149б варақ) ва инв. № 7131 (ҳажми: 225а-226б варақ);
  • Ҳиндистон Республикасининг Мавлоно Абу Калом Озод араб ва форс тадқиқотлар институти кутубхонасида инв. № Т/1987/5 (Кўчирилган давр: XIII/XIX аср. ҳажми: 2 варақ), инв. № Т/1987/6 (Кўчирилган давр: XIII/XIX аср. ҳажми: 2 варақ) рақамлар остида сақланмоқда.
  • Мазкур нусхалар турли замонларда, ҳар хил жойларда, бошқа-бошқа хаттотлар томонидан кўчирилгани боис уларнинг ёзилиши ва ҳажми бир-биридан фарқ қилади.

Марказ манбалар хазинасида сақланаётган қўлёзманинг кодикологик таҳлили. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинасида № 428 рақам билан сақланаётган қўлёзма мажмуа бўлиб, унда Шамсиддин Муҳаммад Жазарийнинг (1350-1429 й.) “Ал-Ҳиснул ҳасин”, Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг (824-892 й.) “Аш-Шамойилул Муҳаммадия”, Муҳиддин Нававийнинг (1233-1277 й.) “Арбаин”, Жалолиддин Суютийнинг “Лубобул ҳадис” ва “Сулосиётул Бухорий” рисолалари жамланган.

Мазкур “Сулосиётул Бухорий” № 428/IV рақам остида бўлиб, унинг умумий ҳажми 269 варақни, ўлчами 15х9 см.ни ташкил этади. “Сулосиётул Бухорий” мажмуанинг 188а-192а варақларидан ўрин олган бўлиб, 5 варақдан иборат. Асардаги матн ўлчами 6х3.5 см.ни ташкил этади. Унинг 188а варағида матн сатрлари 6 қаторни, 188б варағида 12 қаторни, 189а – 191б варақларида 13 қаторни ва 192а варағида 10 қаторни ташкил этади. Асар Самарқанд қоғозига қора сиёҳ билан насх хатида кўчирилган. Матн ичидаги ҳадисларнинг тартиб рақами ва зарурий деб топилган айрим қайдлар қизил сиёҳда ёзилган. Ҳошиясида изоҳ ва қайдлар ҳам мавжуд. Асар номи 188а ва 188б варақларда “الْأَحَادِيثُ الثلاثِيَاتُ” (“Ал-Аҳодисус сулосиёт”) [3:188а-б] шаклида қайд этилган. Асарнинг кўчирилган санаси ва хаттот номи кўрсатилмаган. Лекин ундан олдинги “Ал-Ҳиснул ҳасин” асарининг колофон қисмида 821/1418 йили жумодус соний ойида кўчирилгани қайд этилган [4:87б]. Мазкур асарлар бир мажмуада жамлангани ва ҳуснихати, хат тури, ёзиш услуби, қоғоз турининг бир хиллигидан келиб чиқиб, “Сулосиётул Бухорий”ни ҳам шу санада кўчирилган деб хулоса қилиш мумкин. Китоб яхши сақланган, муқоваси ва таякиси чармдан ишланган бўлиб, четлари бироз емирилган. Орқа муқоваси жойидан ажралгани боис таъмирланган.

Мазкур “Сулосиётул Бухорий”нинг муқаддимаси Ибн Ҳажар Асқалонийнинг (1372/1449 й.) муқаддимасидаги жумлалар билан бошланган. Ибн Ҳажар Асқалоний “Жомиъус саҳиҳ”нинг энг машҳур шарҳларидан бири “Фатҳул Борий”нинг муаллифидир. У зот қоҳиралик бўлиб, халқ орасида шофеий мазҳабининг таниқли олими, муҳаддис ва муаррих сифатида танилган. Ибн Ҳажар Асқалоний “Фатҳул Борий”дан ташқари “Ад-Дурарул комина”, “Лисонул мезон”, “Ал-Исоба фи тамйизис саҳоба”, “Таҳзибут Таҳзиб”, “Булуғул маром”, “Субулус салом” ва “Нузхатун назар” каби юзга яқин асарлар муаллифидир [5:13]. У зот “Сулосиётул Бухорий”ни алоҳида ажратиб олиб, тартиб берган. Унинг муқаддимасида келган қуйидаги жумлаларни “Сулосиётул Бухорий”нинг бошқа олимлар томонидан тартибланган баъзи нусхалари ва унга ёзилган айрим шарҳларнинг муқаддималарида ҳам келтирилганини кўриш мумкин.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинасида 428/IV рақам билан сақланаётган нусхада ҳам келтирилган.

بسم الله الرّحْمَنِ الرَّحِيمِ الْحَمْدُ لِلهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ وَ الصَّلوةُ وَالسَّلامُ عَلَى خَيْرٍ خَلْفِهِ مُحَمَّدٍ وَ آلِهِ أَجْمَعِينَ وَ بَعْدُ فَهَذِهِ الْأَحَادِيثُ الثلاثِيَاتُ الَّتِي أَخْرَجَهَا الْإِمَامُ الْهُمَامُ أَحَدُ سَلَاطِينِ الإِسْلامِ أَبُو عَبْدِ اللهِ مُحَمَّدُ بْنُ إِسْمَاعِيلَ الْبُخَارِيُّ رَحِمَهُ اللهُ فِي جَامِعِهِ إِنْتَخَبْتُهَا مِنْهُ تَذْكِرَهُ لِبَعْضِ الْإِخْوَانِ وَ مِنَ اللهِ الْإِسْتِعَانَهُ وَ عَلَيْهِ التَّكَلانُ[3؛188а]

“Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. У яратган халқнинг энг яхшиси Муҳаммад алайҳиссаломга ва аҳли оилаларига салавот ва саломлар бўлсин. Амма баъд, ушбу Ал-Аҳодисус сулосиёт – уч ровийлик ҳадисларни буюк имом, ислом (илмлари) султонларининг бири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг ўз тўпламидан чиқарган (ёзган)лари бўлиб, мен уларни айрим дўстларга ёдгорлик бўлиши учун ажратиб олдим. Ёрдам Аллоҳдандир! Зотан, У ёрдам сўралгувчи Зотдир, суянч Унгадир!”

Ундан сўнг асар басмала, асар номи ва муаллифнинг исмини қайд қилиш билан бошланган:

بسم اللّهِ الرَّحمنِ الرَّحِيمِ

الْأَحَادِيثُ الثلاثِيَة للامام أَبي عَبْد الله مُحَمَّد بن إِسْمَاعِيل الْبُخَارِيُّ رَحِمَهُ اللهُ

(Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг Ал-Аҳодисус сулосиёти – уч ровийлик ҳадислари).

Асарда қуйидаги ҳадис биринчи келтирилган:

الحديث الاوّلُ حدّثنا المَكيُّ بْن إبرَاهيم قال: حدَّثنَا يزيدُ بْن اَبي عُبَيْدٍ عَنْ سَلَمَةَ بن الاَكْوعَ رَضَىَأللَّه عنْهُ قال: سَمعتُ النَّبِي صَلى اللهُ عليْهِ وَ سَلم يَقُولُ: «مَنْ يَقُلْ عَليَّ ما لَمْ أَقُلْ فَلْيَتبوّءْ مَقْعَدَه مِنَ النَّارِ» اَخرجه فى كتاب العلم فىِ باب اِثم مَنْ كَذَبَ عَلَى النَّبِىَّ صَلى اللهُ عليْهِ وَ سَلم [3:188б ; 5;12].

 “Бизга Маккий ибн Иброҳим ҳадис айтди. У: “Бизга Язид ибн Абу Убайд, Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ҳадис айтди”, деди. Салама: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Кимки мен айтмаган нарсани менинг номимдан айтса, (охиратда) ўзига дўзахдан жой ҳозирлайверсин”, деб айтаётганларини эшитдим”, деди”[1:28]. Имом Бухорий ушбу ҳадисни “Жомиъус саҳиҳ” ҳадис тўпламида “Илм китоби”нинг “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан ёлғон айтган кишининг гуноҳи тўғрисида”ги бобида келтирган.

Шу ўринда мазкур ҳадиснинг ровийлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни лозим топдик.

Маккий ибн Иброҳим таба тобеин. Тўлиқ исми – Абу Сакан Маккий ибн Иброҳим ибн Башир ибн Фирқад Тамимий Ҳанзалий Баржамий (743-830 й.). У зот 17 ёшидан ҳадис илми билан машғул бўлган. Маккий ибн Иброҳим Имом Бухорийнинг устозлари орасида энг ёши улуғларидан бири бўлиб, 17 тобеиндан ҳадис тинглаган [2:22]. Имом Бухорийнинг “Жомиъус саҳиҳ” ҳадис тўпламида келган Ал-Аҳодисус сулосиёт – уч ровийлик ҳадислардан 11 таси у зот томонидан ривоят қилинган [6:56].

Язид ибн Абу Убайд тобеин. Тўлиқ исми – Абу Холид Язид ибн Абу Убайд Ҳижозий Асламий (ваф. 147/764 й.). Салама розияллоҳу анҳунинг қўлида тарбия топиб, у кишидан кўплаб ҳадислар ривоят қилган. Язид ибн Абу Убайд тобеинларнинг ўрта табақасидан бўлган. Имом Бухорийнинг “Жомиъус саҳиҳ” ҳадис тўпламида келган Ал-Аҳодисус сулосиёт – уч ровийлик ҳадислардан 17 таси у зот томонидан ривоят қилинган.

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу саҳобий. Тўлиқ исми – Салама ибн Акваъ Асламий (613-693). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотни: “Мардларимизнинг яхшиси!” деб таърифлаганлар. Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу 77 та ҳадис ривоят қилган. Имом Бухорийнинг “Жомиъус саҳиҳ” ҳадис тўпламида келган Ал-Аҳодисус сулосиёт – уч ровийлик ҳадислардан ўнтаси у зот томонидан ривоят қилинган [6:54].

Ибн Ҳажар Асқалоний: “Имом Бухорий ривоят қилган сулосий ҳадислар орасида саҳиҳлик даражасига кўра ушбу ҳадисга тенг келадигани йўқ”, деб келтирилган ҳадис ровийлари ишончли ва ҳадиснинг саҳиҳлик даражаси юқори эканини эътироф этган.

Хулоса. Имом Бухорийнинг “Жомиъус саҳиҳ” ҳадис тўпламида келган “Ал-Аҳодисус сулосиёт” – “уч ровийлик ҳадислар” саҳиҳлик даражасига кўра энг олий ва ишончли ҳадислар ҳисобланади. Бунинг асосий сабаби, уларнинг ровийлар силсиласи (исноди)нинг қисқалигидадир. Ровийлар сони қанча кам бўлса, ҳадиснинг ўзгариши ёки хато билан етказилиш эҳтимоли камайиб, саҳиҳлик даражаси юқори бўлади. “Сулосиёт” ҳадисларни ўрганиш Имом Бухорийнинг ҳадисларни саралаш ва танлаш усулларини янада яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Шунинг учун уни ўрганиш, тадқиқ этиш ва турли тилларга таржима қилиш тадқиқотчилар олдида турган муҳим вазифа ҳисобланади.

Таклифлар. Асар таржималари (ўзбек ва бошқа тиллар)даги фарқлар ва уларнинг сабабларини таҳлил қилиш;

Асар шарҳларидаги изоҳлар, таҳлиллар ва хулосаларни ўрганиш;

Асардаги ҳадисларнинг бошқа ҳадислар ва Қуръон оятлари билан боғлиқлигини ўрганиш. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳул Бухорий, – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси” ДИН. 2008. Илм китоби, 39-боб. 109-ҳадис.
  2. Али ибн Ҳижозий ибн Муҳаммад Байюмий. “Саҳиҳул Бухорий”даги уч ровийли олий санадли ҳадислар. Таржима ва изоҳлар муаллифлари: Шукурилло Умаров, Нодир Қобилов. –Т.: 2022.
  3. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Сулосиётул Бухорий. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қўлёзмалар фонди, (Қўлёзма) №428/IV.
  4. Шамсиддин Муҳаммад Жазарий “Ал-Ҳиснул ҳасин” Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қўлёзмалар фонди, (Қўлёзма) №428/I.
  5. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. – Ар-Риёд. 1429/2008. 3-Илм китоби, 38-боб. 109-ҳадис.
  6. Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Сулосиётул Бухорий. (Тадқиқот, таржима ва шарҳ муаллифи: Ҳамидулла Аминов) –Т.: Ирфоннашр, 2021.
  7. Саид Азим Муҳаммад Али. Имом Бухорий таърифи. –Т.: Чўлпон нашриёти. 1996.
Йўлдошхон ИСАЕВ,
Ихтиёр ҚУШШАҚОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари

Check Also

Меҳмоннинг одоблари

Гарчи қўйнинг бир пойчаси пиширилиб, меҳмонга чақирилса ҳам, бориш керак, айниқса, солиҳ ва фақир кишилар …