Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 23 апрель куни “Мовароуннаҳрда ислом цивилизациясининг шаклланиши” мавзусидаги икки кунлик халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади. Мазкур нуфузли тадбир Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Малайзия Халқаро ислом университети ва Жазоир Ислом илмлари ва цивилизацияси маркази ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, унда ислом дунёсининг етакчи олимлари ва жамоат арбоблари иштирок этмоқда.

Конференциянинг очилиш маросимида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, профессор Шовосил Зиёдов, Жазоир Ислом илмлари ва цивилизацияси маркази директори др. Аҳмад Сағир, Малайзия Халқаро ислом университети доценти др. Хайрил Ҳусайний бин Жамил ва бошқалар сўзга чиқиб, Мовароуннаҳр замини асрлар давомида илм-фан ва маънавият ўчоғи бўлиб келганини, бугунги кунда ушбу бой меросни чуқур ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканини алоҳида қайд этди.

Анжуманнинг биринчи кунидаги илмий муҳокамалар доирасида Мовароуннаҳр алломалари интеллектуал меросининг глобал миқёсда, хусусан, Жануби-шарқий Осиё ва Шимолий Африка минтақаларидаги илмий мактаблар ривожига кўрсатган таъсири атрофлича таҳлил қилинди. Др. Хайрил Ҳусайний бин Жамил ўз маърузасида Термизий ва Марбавий каби олимлар мисолида Мовароуннаҳр ва Малай архипелаги ўртасидаги узвий интеллектуал боғлиқликни очиб берган бўлса, жазоирлик мутахассислар ўз мамлакатидаги шахсий хазиналарда Мовароуннаҳр диёрига оид нодир қўлёзмалар сақланаётгани ҳақидаги муҳим маълумотларни тақдим этди.

Шунингдек, тадбирда ислом ахлоқи ва руҳий тарбия масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, тасаввуф таълимотининг, хусусан, Нақшбандия ва Ҳаким Термизий меросининг ёшлар маънавий-ахлоқий камолотидаги ўрни, инсоний қадриятларни қарор топтиришдаги аҳамияти ўзбекистонлик ва хорижлик олимлар томонидан кенг муҳокама қилинди.

Муҳокамаларнинг яна бир муҳим йўналишини мотуридийлик таълимоти ва ҳадис илми тадқиқи ташкил этди. Иштирокчилар Имом Абу Мансур Мотуридийнинг тафсир илмидаги ақл ва нақл мувозанатига асосланган методологик ёндашувларини, шунингдек, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк муҳаддисларнинг ҳадис илми асосларини яратишдаги тарихий хизматларини замонавий тадқиқотлар нуқтаи назаридан кўриб чиқди.

Анжуман 24 апрель куни ўз ишини давом эттиради. Унинг кун тартибидан ислом цивилизацияси тадқиқотларида сунъий интеллект икмониятлари ва бошқа долзарб методологик ёндашувлар ўрин олган.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





