Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ректори Жасур Салихов раҳбарлигидаги делегация Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.

Марказ директори Шовосил Зиёдов меҳмонларни муассасанинг бугунги фаолияти, эришилган илмий натижалар ва амалга оширилаётган халқаро лойиҳалар билан таништирди. Мулоқот давомида асосий эътибор буюк муҳаддис Имом Бухорий сийрати, алломанинг ибратли ҳаёт йўли ва авлодларга қолдирган бебаҳо маънавий хазинасининг мазмун-моҳиятига қаратилди.
Меҳмонлар алломалар меросини тадқиқ этиш ва нашр этиш борасида Марказ томонидан қисқа даврда амалга оширилган салмоқли ишларни юқори баҳолаб, бу ерда яратилган илмий муҳитнинг ўзига хослигини алоҳида эътироф этди. Музей экспозицияси билан танишиш асносида ҳадис илмининг султони томонидан тўпланган саҳиҳ ҳадисларнинг ислом цивилизациясидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Суҳбат давомида Имом Бухорий мероси нафақат диний манба, балки юксак ахлоқ ва илмга садоқат намунаси экани қайд этилди. Меҳмонлар ушбу ўлмас қадриятлар замонавий бошқарув тизими ва давлат хизматчиларининг маънавий қиёфасини шакллантиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
Мулоқот асносида Марказнинг илмий ютуқлари келгусида миллий меросни чуқурроқ англаш ва унинг инсонпарварлик ғояларини жамият ҳаётига татбиқ этишда мустаҳкам пойдевор бўлиши эътироф этилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





