Home / МАҚОЛАЛАР / Бемор зиёрати ва таъзия билдириш одоблари

Бемор зиёрати ва таъзия билдириш одоблари

Бемор биродарининг ҳолидан хабар олиш мўмин кишининг бурчидир, гарчи ғайридин бўлса ҳам.

Беморнинг ҳузурига янги кийимлар билан кирилмайди. Табассум билан кирилиб, беморнинг бош тарафида ўтирилади. Беморга очиқюзлилик, табассум ва шафқат билан муомала қилинади. Беморнинг пешонасига ёки қўлига кафтни қўйиб, ҳол сўраш яхши. Беморнинг юзига кўп қарамаслик ва кўп гапирмаслик зарур. “Кўнглингиз нимани тусайди?” деб сўраш керак. Агар беморнинг кўнгли тусаган нарса унга зарар бўлмаса, уни келтириб бериш ёки яқинларига келтириб беришларини айтиш зарур.

Беморнинг олдида кўп ўтирилмайди. Илло, беморнинг ўзи буни талаб қилса, кўп ўтириш жоиз. Бемор билан суҳбатлашиш асносида унинг кўнглини кўтарадиган сўзларни ва ҳикояларни айтиб бериш керак.

Кунига эмас, балки кунора ҳол сўраган афзал.

Беморнинг ҳам ўзига хос одоблари бор. Бемор баъзан енгил нола қилиши суннатдир. Лекин ноласи ҳаргиз шикоят, ғам сабабли эмас, балки бошини бирор нарса билан боғлаб: “Вой бошим!” деб нола қилиши керак бўлади. Бундан мақсад тезроқ соғайиб кетишдир.

Дард-алам кучайганда ҳам бемор сабр, шукр қилиши, ҳаргиз ўзига ўлим тиламаслиги керак. Гуноҳларига тавба қилиб, истиғфор айтиши лозим. Зиммасида одамларнинг ҳақи бўлса, адо этиши, зиёратига келганлардан рози-ризолик сўраши керак.

Аҳволи оғирлашса, бемор дафн маросими ва кафанлаш ишларини васият қилиши керак. Яъни яқинларига, қавму қариндошларига “менга бирор кор-ҳол юз берса, сабр қилинглар, кейин мени шундай кафанланглар, фалон жойга кўминглар”, деб васият қилиши матлубдир.

* * *

Ҳар бир мўмин биродарининг вафот этганини эшитса: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”, яъни: «Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз», дейиши ва мусибат аҳлига таъзия билдириши керак. Дафндан аввал ёки кейин бўлса-да, таъзия билдириш мустаҳабдир. Имом Муҳаммад наздида таъзия уч кунгача жоиздир, ундан кейингиси макруҳ.

Тобут кўтариб кетаётганда гаплашилмайди. Аёлларга тобут ортидан эргашиш жоиз эмас. Марҳум учун дод-фарёд солиб, бақириб йиғлаш – ҳаром. Дафндан сўнг ҳамма ўз ишига тарқаб кетиши керак. Таъзияхонада дафндан кейин ҳам йиғилиб ўтириш макруҳ.

Имом Маждиддин Фирузободий “Сирот ал-мустақим” китобида ёзишича, дафндан сўнг жам бўлиш, хоҳ қабр бошида, хоҳ бошқа жойда бўлсин, бидъатдир. Аммо таом тайёрлаб азадор оилага юбориш мустаҳаб.

Қабр устига пишиқ ғишт, тош ва шунга ўхшаш нарсалар билан мақбара ва иморат қуриш, чироқ ёқиш бидъатдир.

Иброҳимжон домла Иномов
Манба: hidoyat.uz
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 6-сонидан

Check Also

ЭЪТИРОФ (1-қисм)

Аллоҳ таоло инсон ҳаётини тартибга солиш учун жамиятда раҳбарлик тизимини жорий этган. Инсонлар бир жойда …