Президентимиз ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда диний илмларни ўрганиш борасида ҳам катта ишлар қилинди. Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий маркази, Баҳоуддин Нақшбанд илмий маркази, Бурҳониддин Марғиноний илмий маркази ва Ислом цивилизацияси маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Ушбу марказларнинг ташкил қилинишидан кўзланган асосий мақсад ислом динининг дунё цивилизациясига қўшган ҳиссасини ўрганиш, қўлёзма манбаларни тадқиқ қилиш, ёш олимларни тайёрлаш, юртимизни тарихда бўлгани каби, халқаро майдондаги илмий салоҳиятини юксалтиришдир.
Президентимиз ташаббуси билан диний соҳани ривожлантириш, диний соҳада фаолият юритаётган олимлар ва тадқиқотчилари қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Мамлакатимиздаги уламолар ва диний соҳа вакиллари эндиликда фақатгина маҳаллий доирада эмас, балки халқаро анжуман, конференция ва илмий форумларда фаол иштирок этмоқда. Шунингдек, диний уламоларнинг халқаро илмий мулоқотларига кенг имкониятлар яратилди. Халқаро конференциялар ташкил этилиб, шу соҳада изланишлар олиб бораётган хорижий олимлар иштирокида симпозиумлар ўтказилмоқда.
2022 йили 15 августда Президентимиз Ўзбекистонда диний-маърифий соҳа ходимларини рағбатлантириш мақсадида “Имом Бухорий” орденини таъсис этиш тўғрисидаги Қонунни имзоланди. Унга мувофиқ, орден икки даражадан: “Олий даражали Имом Бухорий” ордени ҳамда “Имом Бухорий” орденидан иборат бўлди.
Мазкур орден ислом маърифати йўлида хизмат қилган давлат арбоблари, уламолар ва диний соҳа ривожига катта ҳисса қўшган шахсларга берилади. Ушбу орден нафақат бир мукофот, балки юксак маънавий қадриятларни тарғиб этувчи катта аҳамиятга эга бўлган давлат мукофотидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан 5 нафар дин ва давлат арбоблари мукофотланган:
2022 йил августда Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд – Саудия Арабистони подшоҳи. У мазкур мукофотга сазовор бўлган биринчи шахс ҳисобланади;
2022 йил ноябрь ойида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон;
2023 йил июнда икки марҳум муфтий:
Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон – Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг 1957-1982 йиллардаги иккинчи раиси, беш республика муфтийси;
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф – Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг 1989-1992 йиллардаги тўртинчи раиси, беш республика муфтийси;
2025 йил август ойида муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси – мукофотланган.
Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон бу мукофот ҳақида қуйидаги фикрларни билдирган эди: “Буюк муҳаддис ва ислом фиқҳи билимдони Имом Бухорий номидаги мукофотни ўзимга билдирилган ҳурмат сифатида фахр билан қабул қиламан. Шавкат Мирзиёев билан илк учрашганимда, унинг Имом Бухорий меросидан иқтибос келтирганида азиз биродаримга нисбатан ўзимда алоҳида ҳурмат ва яқинлик ҳис этгандим. Унинг саъй-ҳаракатлари билан бугун турк ва ўзбек олимлари яқин ҳамкорлик қилаётган Самарқандда илмий марказ бунёд этилди. Мен бу мукофотни халқларимизнинг азалий ва абадий дўстлиги, барча соҳаларда тараққий этаётган алоқаларимиз рамзи сифатида қабул қиламан. Ўз номимдан ва халқим номидан Ўзбекистон Президенти ва халқига юксак эътибор учун ташаккур билдираман”.
Бу орденнинг таъсис этилиши замиридаги асосий мақсад ва манфаатлар қуйидагилардан иборат:
- Миллий ва диний меросни улуғлаш. Имом Бухорий каби буюк муҳаддиснинг шаъни ва илмий меросини қадрлаш, унинг ислом цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини кенг жамоатчиликка етказиш асосий мақсадлардан биридир.
- Диний бағрикенглик ва маърифатни тарғиб қилиш. Орден орқали жамиятда соф ислом таълимотини, яъни тинчлик, бағрикенглик, инсонпарварлик ғояларини кенг тарғиб қилиш кўзда тутилади.
- Илмий-маърифий фаолиятни рағбатлантириш. Исломшунослик, ҳадис илми ва умумий маънавият соҳасида самарали фаолият олиб бораётган олимлар, тадқиқотчилар ва уламоларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш.
- Ёш авлодни тарбиялаш. Ёшларни буюк аждодлар меросига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларни илмга, одоб-ахлоққа, ҳалоллик ва покликка ундаш.
- Халқаро нуфузни ошириш. Ўзбекистоннинг ислом маданияти ва илм-фан ривожига қўшган ҳиссасини халқаро миқёсда намоён қилиш, мамлакат обрўсини мустаҳкамлаш.
- Жамиятда маънавий муҳитни соғломлаштириш. Орден маънавият ва ахлоқни юксалтиришга хизмат қилиб, турли ёт ғоялар ва мутаассибликка қарши маърифий асосда курашишга ёрдам беради.
Қисқача айтганда, “Имом Бухорий” ордени – бу тарихий меросни асраб-авайлаш, илм ва маърифатни ривожлантириш ҳамда жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантиришга хизмат қилувчи муҳим ташаббусдир.
Диний таълим муассасалари ва масжидлар фаолиятидаги ислоҳотлар. Диний таълим соҳасидаги ислоҳотлар – бу жамият маънавиятини юксалтириш, соғлом диний муҳитни шакллантириш ва илмли, масъулиятли кадрлар тайёрлашга қаратилган муҳим жараёндир. Айниқса, Президентимиз томонидан сўнгги йилларда бу соҳада кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилди. Диний таълим муассасаларида ўқув дастурлари замонавий талаблар асосида қайта кўриб чиқилди. Нафақат диний илмлар, балки дунёвий фанлар ҳам ўқитила бошланди. Натижада, кенг дунёқарашга эга, замон талабларини тушунадиган кадрлар тайёрланди, диний ва дунёвий билимлар уйғунлиги таъминланди. Бу борада кўплаб ишлар амалга оширилди. Хусусан, имом-хатиблар малакасини ошириш ишлари йўлга қўйилди, улар учун мунтазам ўқув курслари ташкил этилди, ваъз ва маърузалар мазмунан бойитилди.
Бундан ташқари, Президентимиз ташаббуси билан ҳар бир вилоятда Қуръони карим ва тажвид курслари ташкил этилди. Ҳар йили бу ўқув курсларида минглаб юртдошларимиз ўзларининг Қуръон карим бўйича саводхонлигини оширади.
Курслар орқали инсон қалбида Қуръони каримга нисбатан муҳаббат, ҳурмат ва унга амал қилиш ҳисси пайдо бўлади. Бу курсларни ташкил этиш замирида илм, тарбия, ҳурмат ва эзгулик каби юксак манфаатлар мужассам. Қуръон таълимоти асосида тарбия топган инсонлар жамиятда тинчлик, бағрикенглик ва инсофни мустаҳкамлайди. Бу курслар инсонни маънавий камолотга етакловчи, жамиятни эса ахлоқан соғлом ва барқарор қиладиган муҳим маърифий маскан бўлиб хизмат қилмоқда.
Жумладан, 2017 йилдан буён Президентимиз ташаббуси билан ҳар йили юртимизда Қуръони карим мусобақалари ўтказилмоқда. Президентимиз бу ҳақда шундай деган эди: “Биз Қуръони каримни англаб етсак ва унинг маъносини бошқаларга ҳам етказа олсак, жамиятимиз янада маънавий юксалади”.
Бу фикрлар Қуръони каримни фақат ўқиш эмас, балки унинг маъносини тушуниш, илоҳий Китобга руҳан боғланиш муҳим эканини кўрсатади. Дарҳақиқат, Қуръон ва тажвид курсларини ташкил этиш ташаббуси – жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, Қуръони каримни асл ҳолатда ўқиш ва тушуниш маданиятини ривожлантиришга қаратилган муҳим маънавий ташаббусдир.
Президентимиз олиб бораётган ислоҳотлар давомида диний соҳада хизмат қилаётган имом-хатибларга ҳам алоҳида эътибор қаратила бошланди. Масжидларда хизмат қилаётган имом-хатибларга маош тайинланиб, давлат томонидан моддий ёрдам кўрсатилди. Ҳозирги кунда диний арбоблар турли байрамларда рағбатлантирилмоқда. Айниқса, жорий йил Рамазон муносабати билан имом-хатиблар ва 3600 нафар қориларнинг пул мукофоти билан тақдирланиши таҳсинга сазовордир. Бу диний ходимларнинг жамиятдаги нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда муқаддас динимиз моҳиятини бузиб талқин қилувчиларга қарши кураш ишлари ҳам олиб борилди. Шу мақсадда “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Бу тадбирлар асносида экстремизм ва радикализмга қарши маърифий ишлар, адашган шахсларни жамиятга қайтариш ва интеграция қилиш ҳамда ёшлар билан тарғибот ишлари кенг миқёсда олиб борилмоқда.
Президентимиз БМТ минбарида: “Экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолган, тўғри йўлдан адашган фуқаролар ижтимоий реабилитация қилинмоқда, уларни соғлом ҳаётга қайтариш учун зарур шароитлар яратилмоқда,”[1] деб нотўғри йўлга кириб қолган юртдошларимизни жазолаш эмас, аксинча уларга маърифий таъсир кўрсатиш орқали тўғри йўлни кўрсатиб, оиласи ва жамиятга фойдаси тегадиган инсон қилиб тарбиялаш энг тўғри йўл эканини маълум қилди.
Бу тадбирлар асносида:
- Экстремизм ва радикализмга қарши маърифий ишлар;
- Адашган шахсларни жамиятга қайтариш ва интеграциялаш;
- Ёшлар билан тарғибот ишлари кенг олиб борилмоқда.
Бу тадбирлар ислом динининг ҳақиқий инсонпарварлик моҳиятини тушунтиришга қаратилган.
Бундан ташқари, Президентимиз 2017 йил сентябрда БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида “Маърифат ва диний бағрикенглик” ҳақидаги резолюция қабул қилиш таклифи билан чиққан эди. Бу резолюция 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинди.
Резолюцияда таълим, тинчлик, инсон ҳуқуқларини таъминлашда бағрикенглик ва дўстликнинг олға сурилиши муҳим рол ўйнаши таъкидланади. Шунингдек, дунёда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш учун интеграция, ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бағрикенглик ва ўзаро тушунишнинг муҳимлиги тан олинади.
Шу билан бирга, қабул қилинган резолюцияда БМТга аъзо давлатлар миллий ва халқаро ОАВ ҳамда Интернетда кенг кўламли тарғибот ишларини ўтказиш, бағрикенглик, дин ва эътиқод эркинлигига рахна солмаслик тўғрисидаги маърифий ахборотларни тарқатиш каби коммуникацион стратегияни жорий этиш таклиф қилинган.
Шубҳа йўқ-ки, Президентимиз томонидан турли соҳаларда амалга оширилаётган улкан миқёсдаги бу ислоҳотлар шу халқ ва унинг эртанги куни келажаги учундир. Бу ислоҳотлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун муҳим аҳамиятга эга.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





