Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ихтилоф қилинган ровийлар масаласи – илмий муҳокама марказида

Ихтилоф қилинган ровийлар масаласи – илмий муҳокама марказида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 26 февраль куни Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) билан ҳамкорликда “Марказий Осиё – Ислом маданияти ва санъати ўчоғи” илмий лойиҳаси доирасида навбатдаги онлайн семинар ўтказилди. Унда Миср Араб Республикасининг Ал-Азҳар университети профессори, Ҳадис илми мактаби катта ўқитувчиси др. Салоҳ Жибалий “Мовароуннаҳр муҳаддисларининг китобларидаги ихтилоф қилинган ровийлар” мавзусида маъруза қилди.

“Ихтилоф қилинган ровийлар” деганда, ҳадис ривоят қилган шахсларнинг шундай тоифаси англашиладики, улар ҳақида турли даврларда турли уламолар томонидан айрича фикрлар билдирилган бўлади. Баъзилар уларнинг ривояти ё ривоятларига эргашиш мумкинлигини айтган бўлса, бошқалар шубҳа билдирган ё инкор этган бўлиб чиқади. Уламолар ўртасида ихтилофли фикрлар келиб чиқишига сабаб бўлган ровийларга ёндашув шунинг учун ҳам ғоят нозик мавзу бўлиб, айниқса ақидавий ва фиқҳий масалаларда уларнинг ривоятларини қабул қилиш ё инкор этиш, хулоса ё ҳукм чиқариш – чуқур илмдан ташқари, ўта синчковлик ва вазминликни ҳам тақозо этади.

Семинарда Марказ илмий ходимлари, IRCICA вакиллари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, ЎзФА Шарқшунослик институти, Тошкент ислом институти олимлари, Самарқанд ва Бухородаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари, шунингдек Туркия, Миср ва Қозоғистондан тадқиқотчилар иштирок этди.

Маърузада ҳадис илмининг энг нозик масалаларидан бири – ихтилоф қилинган ровийлар ва улар ҳақидаги устувор қарашларни аниқлаш муаммоси атрофлича ёритилди. Спикер ровийлар ҳақида уламолар баҳолари турлича бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, бундай ҳолатларда илмий мезон ва қоидаларга таяниш зарурлигини қайд этди.

Семинар давомида ихтилофли ровийларга доир қарашларни таҳлил қилиш усуллари, жарҳ ва таъдил (ровий ё ривоят хусусида муайян устуворлик бериш, адолатли қарор қабул қилиш) тамойиллари ҳамда жамлаш имкони мавжуд бўлган ва мавжуд бўлмаган ҳолатлар мисоллар билан тушунтирилди. Шунингдек, Мовароуннаҳр муҳаддислари меросида бу масаланинг қандай акс этгани, тарожим (таржимаи ҳол), жарҳ ва таъдил манбаларида билдирилган фикрларнинг аҳамиятига алоҳида урғу берилди.

Маърузачи ихтилоф ҳолатида шошма-шошарлик билан хулоса чиқариш илмий жиҳатдан мақбул эмаслигини таъкидлаб, далил ва қарина (қиёсан таҳлил этиш) асосида холис қарорга келиш муҳимлигини қайд этди. Хусусан, мутақаддим (энг аввалги) уламолар белгилаган қоидалар бугунги тадқиқотлар учун ҳам мустаҳкам илмий пойдевор бўлиб хизмат қилишини эслатди.

Семинар якунида мавзу юзасидан савол-жавоблар ўтказилди. Муҳокамалар асносида ҳадис илмларидаги тадқиқот методологияси, ровийлар баҳоси ва манба танлаш маданиятига оид фикр алмашувлар бўлиб ўтди.

Онлайн учрашув юқори илмий савияда ўтгани қайд этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Глобал илмий майдонда – Марғиноний мероси

12 февраль куни пойтахтимизда ислом ҳуқуқшунослигининг буюк намояндаси Бурҳонуддин Марғиноний таваллудининг 900 йиллиги муносабати билан …