17 февраль куни онлайн мулоқот шаклида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Туркиянинг Нажмиддин Эрбақан университети ҳузуридаги Анъанавий санъатни қўллаш ва тадқиқот маркази ўртасида Англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Видеоконференция тарзида ташкил этилган тадбирда икки томон раҳбарияти ва илмий ходимлар иштирок этди.

Маросим аввалида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги изчил ривожланаётган дўстона муносабатлар ҳамда самарали ҳамкорлик алоқаларини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилганидек, давлат раҳбарлари — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған ўртасидаги самимий муносабатлар икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда.
Мулоқот давомида халқаро илмий алоқалар доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди. Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нуфузли хорижий илмий муассасалар билан 50 дан ортиқ ҳамкорлик меморандуми имзолангани, уларнинг салмоқли қисми Туркия ҳиссасига тўғри келиши мамнуният билан қайд этилди.

Шунингдек, ҳар йили ўтказиб келинаётган халқаро конференция ва илмий анжуманларда туркиялик олимларнинг фаол иштироки ҳамкорликнинг амалий самараси сифатида эътироф этилди.

Учрашув якунида имзоланган ҳужжат келгусида илмий-тадқиқот соҳасида алоқаларни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, академик алмашувларни ривожлантириш, анъанавий санъат ва маданий мерос бўйича тажриба алмашиш каби йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Тадбир доирасида иштирокчиларга Марказ фаолиятига бағишланган видеоролик намойиш этилди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





