Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Глобал илмий майдонда – Марғиноний мероси

Глобал илмий майдонда – Марғиноний мероси

12 февраль куни пойтахтимизда ислом ҳуқуқшунослигининг буюк намояндаси Бурҳонуддин Марғиноний таваллудининг 900 йиллиги муносабати билан халқаро конференция бошланди.

Анжуманда жаҳоннинг етакчи исломшунос олимлари қаторида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов ҳам қатнашиб, аллома меросини замонавий дунёга тақдим этишнинг стратегик йўналишлари ҳақида маъруза қилди.

Маърузачи Марғиноний меросини замон талаблари асосида қайта тадқиқ этиш ва жаҳон жамоатчилигига тақдим қилишнинг концептуал асосларини илмий жиҳатдан ёритди. Таъкидланганидек, алломанинг машҳур “Ҳидоя” асари нафақат ислом фиқҳининг юксак дурдонаси, балки умуминсоний ҳуқуқий тафаккур ривожига қўшилган беқиёс ҳиссадир.

Бугунги глобаллашув шароитида ушбу бой меросни тарғиб этишда “маърифат дипломатияси” тамойилларига таяниш муҳим аҳамият касб этади. Бу жараёнда таржима, рақамлаштириш ва халқаро ҳамкорлик ўзаро уйғун ва узвий боғлиқ экани алоҳида қайд этилди. Хусусан, ушбу асарнинг жаҳонда кенг тарқалган тиллардаги сифатли ва мукаммал таржималарини яратиш орқали ислом ҳуқуқшунослиги билан умуминсоний қадриятлар ўртасидаги мулоқотни янги босқичга олиб чиқиш мумкинлиги асосий тезис сифатида илгари сурилди.

Маърузада шунингдек, Марғиноний асарларининг жаҳон қўлёзма фондларида сақланаётган нусхаларини рақамлаштириш ва ягона электрон базани шакллантириш заруратига эътибор қаратилди. Бу ташаббус маҳаллий тадқиқотчилар билан бир қаторда хорижий олимлар учун ҳам аллома меросини масофадан туриб тизимли ўрганиш имкониятини яратади.

Шу билан бирга, ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО каби нуфузли халқаро ташкилотлар доирасида Марғиноний меросини кенг тарғиб этиш инсоният ҳуқуқий маданиятини бойитишга хизмат қилиши таъкидланди. Бу йўналишда халқаро илмий ҳамжамият саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Якуний хулоса сифатида Бурҳонуддин Марғинонийнинг илмий мероси бугунги радикаллашув ва турли мафкуравий таҳдидларга қарши курашишда ўзига хос “илмий иммунитет” вазифасини ўташи таъкидланди. Алломанинг адолат ва мўътадиллик тамойилларига асосланган қарашлари жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда бугун ҳам долзарб аҳамиятга эга.

Иштирокчилар мазкур анжуман ва ундаги теран илмий таҳлиллар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги маърифий нуфузини янада юксалтиришга, миллий маънавий меросимизни жаҳон миқёсида кенгроқ намоён этиш ва унинг давомийлигини таъминлашга замин яратишини эътироф этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мурожаатномада белгиланган навбатдаги йўналиш стратегиялари ўрганилди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Ҳадис илми мактабида ташкил этилган махсус ўқув курси доирасида …