Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари мутахассислари иштирокида ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди. Унинг таркибида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази номидан катта илмий ходим, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Шукурилло Умаров фаолият юритмоқда.

Учрашув доирасида юртимиз заминидан етишиб чиққан буюк алломалар – Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий ҳазратларининг ҳаёти ва бой илмий-маънавий меросини халқаро миқёсда, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тасарруфидаги майдонларда тақдим этиш бўйича илмий контентлар тайёрлаш, тақдимот концепциясини такомиллаштириш ва амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шу билан бирга, диёримиздан етишиб чиққан бошқа алломалар меросининг Биринчи, Иккинчи ва Учинчи Ренессанс тараққиётига пойдевор бўладиган ўрнини илмий асосда ёритиш ва халқаро жамоатчиликка етказиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, “Ўзбекистон – буюк алломалар юрти” номли янги илмий-маърифий телелойиҳа доирасида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси томонидан тайёрланган 30 та қисқа метражли ҳужжатли фильм мазмуни юзасидан экспертиза ўтказиш, илмий таҳлил ва таҳрир қилиш, эфирга узатилишини мувофиқлаштириш масалалари кўриб чиқилди. Бу жараёнда алломаларимиз ҳаёти ва меросига бағишланган бу фильмларнинг илмий асосли, тарихан ҳаққоний ва кенг жамоатчилик учун тушунарли тарзда тақдим этилишига алоҳида эътибор қаратиляпти.
Ишчи гуруҳ фаолияти изчил давом этмоқда.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





