Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Тариқат йўли ва Марказий Осиёда маънавий анъаналар

Тариқат йўли ва Марказий Осиёда маънавий анъаналар

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 3 февраль куни Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) билан ҳамкорликда “Марказий Осиё – Ислом маданияти ва санъати ўчоғи” илмий лойиҳаси доирасида навбатдаги онлайн семинар ўтказилди. Унда IRCICAнинг халқаро муносабатлар бўйича маслаҳатчиси, профессор, др. Аширбек Мўминов “Тасаввуф тарихини тадқиқ этишдаги янги ёндашув ва услублар” мавзусида маъруза қилди.

Семинарда Марказ илмий ходимлари, IRCICA вакиллари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, ЎзФА Шарқшунослик институти, Тошкент ислом институти олимлари, Самарқанд ва Бухородаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари, шунингдек Туркия, Миср ва Қозоғистондан тадқиқотчилар иштирок этди.

Маърузада Хожа Аҳмад Яссавий меросини тадқиқ этишда шаклланган анъанавий ва шўро даврига хос қарашлар танқидий таҳлил қилиниб, сўфийлик тарихини ўрганишда янги, комплекс ва манбашуносликка асосланган ёндашувлар зарурлиги таъкидланди. Қайд этилганидек, сўнгги қарийб 80-90 йил давомида Яссавий таълимоти чекланган ҳолда – асосан “Девони ҳикмат” асари орқали ўрганилган. Хожа Аҳмад мактабига оид бошқа муҳим қўлёзма манбалар илмий муомаладан четда қолган.

Маърузачи илмий далил сифатида мазкур асарнинг XIX аср охири – XX аср бошларида Қозон, Истанбул, Бухоро ва Тошкентда бир неча бор нашр этилганини, улардаги ҳикматлар сони ва таркиби фарқланишини қайд этди. Жумладан, Иосиф Готвальднинг илк босма нашрларида 65-70 та ҳикмат мавжуд бўлган, кейингиларникида эса 140 тадан ошган. Бу эса “Девони ҳикмат”ни ягона ва ўзгармас матн сифатида қабул қилиш борасидаги қарашларни илмий жиҳатдан қайта кўриб чиқиш лозимлигини кўрсатади.

Шунингдек, Аҳмад Яссавий шахсияти нафақат тариқатчи, балки тарихий шахс, миллий қаҳрамон ва халқ маънавий хотирасида муқаддас тимсол сифатида шаклланган кўп қиррали образ экани илмий манбалар асосида ёритилди. Шўро даври тадқиқотларида Яссавий таълимоти “гетеродокс ислом”, яъни расмий ислом таълимотидан фарқ қилувчи шакллар ва шаманизм ё зардуштийлик қолдиқлари билан боғлангани илмий жиҳатдан асосланмагани таъкидланди.

Маърузада яна бир муҳим масала – яссавия таълимотини ўрганишда туркология ва иранистика (туркий ва эронзабон халқларнинг тил, тарих ва маданиятини ўрганувчи илмий йўналишлар) орасидаги узилишларга эътибор қаратилди. Профессор Мўминов бу соҳаларни яқинлаштириш орқали Марказий Осиёда ислом маданияти ёйилишининг реал тарихи ва механизмларини холис ўрганиш мумкинлигини қайд этди.

Семинар якунида сўфизм тарихи Марказий Осиё халқларининг маънавий мероси, ислом цивилизацияси тараққиёти ва минтақанинг тарихий ўзлиги билан узвий боғлиқ экани алоҳида таъкидланди. Иштирокчилар Яссавий меросини ўрганиш бўйича янги қўлёзмаларни илмий муомалага киритиш, халқаро тадқиқотларни мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини қайд этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказда вилоят раҳбари билан учрашув

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоевнинг Марказ жамоаси ҳамда Ҳадис илми …