Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Муштарак қадриятлар ва илмий ҳамкорлик истиқболлари

Муштарак қадриятлар ва илмий ҳамкорлик истиқболлари

Шу кунларда Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турган Индонезиянинг “Наҳдлатул уламо” ташкилоти ҳузуридаги Lembaga Pendidikan Tinggi Nahdlatul Ulama (LPTNU) — олий таълим кенгаши делегацияси Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди. Мазкур тузилма 200 га яқин хусусий университет фаолиятини мувофиқлаштирувчи идора бўлиб, ўз фаолиятида мўътадиллик ва бағрикенглик тамойилларига асосланган “Архипелаг исломи” (Islam Nusantara) концепциясини илгари суради. Бу — исломнинг соф моҳиятини сақлаган ҳолда, уни маҳаллий маданият ва урф-одатлар билан уйғунлаштириш демакдир. Бундай ёндашув радикализмга қарши энг кучли қалқон ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, икки мамлакат ўртасидаги илмий-маърифий алоқалар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди. Хусусан, ўтган йили Ўзбекистон делегациясининг Индонезияга ташрифи  доирасида “Наҳдлатул уламо” раҳбарияти билан ўтказилган мулоқотлар амалий шериклик учун муҳим пойдевор бўлган эди. Бугунги жавоб ташрифи шу мулоқотнинг мантиқийдавомидир. Жакартада учрашувларида Имом Бухорий меросини биргаликда ўрганиш ва таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилган бўлса, бу галги мусоҳаба мулоқотларни изчиллаштириш йўлидаги қадам сифатида баҳоланди.

LPTNU ўз таркибидаги ОТМларни Марказий Осиёдаги илмий марказлар билан янада яқинлаштиришни мақсад қилган.

Индонезиянинг турли олий таълим муассасалари ректорлари ҳамда таълим соҳасида фаолият юритаётган раҳбар ходимлардан иборат делегацияга Марказ музейи ва экспозициялари намойиш этилди, Имом Бухорий мероси, шунингдек, Марказнинг илмий-тадқиқот ва халқаро ҳамкорлик йўналишларидаги фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ташриф доирасида ўтказилган давра суҳбати чоғида илмий ҳамкорликни йўлга қўйишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Хусусан, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро симпозиум ва конференциялар ташкил этиш, LPTNU таркибига кирувчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаш, шунингдек, Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури доирасида ҳамкорлик ўрнатиш истиқболлари муҳокамалар марказидан ўрин олди.

Мулоқот давомида Ўзбекистонда жорий этилаётган “Умра плюс” зиёрат туризми дастури ва унинг доирасида шаклланаётган академик туризм имкониятлари алоҳида эътироф этилди. Бу йўналиш таълим, маънавият ва маданий алмашувни уйғунлаштирувчи самарали платформа сифатида баҳоланди.

Делегация раҳбари, LPTNU Бош котиби Муҳаммад Файшал Аминуддин билдирилган таклифларни мамнуният билан қабул қилиб, Марказ билан таълим ва илм-фан соҳасида узоқ муддатли, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини билдирди. Томонлар ўзаро мулоқотни давом эттириш, аниқ лойиҳалар асосида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Илм ва маънавиятни уйғунлаштирган халқаро мулоқот

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, профессор Шовосил Зиёдов Жазоир Халқ Демократик Республикасининг Лағуат шаҳрида …