Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Хилма-хиллик шароитидаги ҳамжиҳатлик — тараққиёт манбаи

Хилма-хиллик шароитидаги ҳамжиҳатлик — тараққиёт манбаи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Лейбниц номидаги Замонавий шарқшунослик маркази (Германия) илмий ходими Лейла Алмазова ташриф буюрди. Меҳмон Марказ музейи ва экспозициялари билан атрофлича таништирилиб, унга юртимизда ислом цивилизацияси, илмий-маънавий меросни ўрганиш ва тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ташриф давомида илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, академик алмашув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шу муносабат билан 2019 йил апрель ойида ўзбек ва немис исломшунос олимлари ўртасида илмий ҳамкорликка тамал тоши қўйилгани мамнуният билан алоҳида қайд этилди. Ўшанда Ўзбекистон делегациясининг Лейбниц марказига ташрифи чоғида германиялик ҳамкасбларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли маънавий-маърифий ислоҳотлар, хусусан, жамиятда диний бағрикенглик ва виждон эркинлигини таъминлаш, турли конфессиялар вакилларининг ўз эътиқодини эркин адо этиши учун яратилган ҳуқуқий ва амалий шарт-шароит ҳақида атрофлича маълумот берилган эди.

Мулоқотда Ўзбекистонда этник ва диний хилма-хиллик жамиятнинг муҳим бойлиги экани, у халқнинг яратувчанлик салоҳиятини ошириши ва жамиятда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаши таъкидланди. Шунингдек, мамлакатимизда турли миллат ва конфессиялар вакилларининг тинч-тотув яшаши таъминланаётгани, бу борадаги тажриба халқаро миқёсда ҳам эътироф ва қизиқиш уйғотаётгани қайд этилди.

Ташриф якунида томонлар ўзаро илмий мулоқотни давом эттириш, жорий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда илмий-маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлашдан муштарак манфаатдорликни изҳор этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Илм ила юксалган тамаддун изидан

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Самарқанддаги International School of Finance Technology and Science (ISFT) институти …