22 декабрь куни Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан жамиятимиз учун долзарб мавзуларда нашр этилган 18 турдаги рисола ва буклетлар тақдимоти бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги вакиллари, диний соҳа ходимлари, олий таълим муассасаси раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлар, шунингдек, маънавий-маърифий ташкилотлар вакиллари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Мазкур тадбир исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, миллий ва диний қадриятларимизга асосланган соғлом дунёқарашни мустаҳкамлаш, айниқса, ёшлар онгида ватанпарварлик, бағрикенглик, маърифат ва ахлоқий масъулият туйғуларини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Тадбир очилишида Марказ директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев маънавий-маърифий нашрларнинг жамиятда маънавий барқарорликни таъминлаш, турли ёт ва зарарли ғояларга қарши маърифат билан курашда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, рисола ва буклетларда кўтарилган мавзулар замонавий ижтимоий ҳаёт талабларига мос ҳолда, содда ва таъсирчан услубда ёритилгани, нашрлар кенг китобхонлар оммаси, айниқса, ёшлар учун мўлжаллангани қайд этилди.

Таълим муассасаларида бундай маърифий манбалардан самарали фойдаланиш ёшларни интеллектуал ва маънавий жиҳатдан камол топтиришда муҳим омил экани таъкидлаб ўтилди.

Тадбир давомида маърузачилар томонидан нашрларда ёритилган мавзулар — ватанга муҳаббат, тинчлик ва бағрикенглик, жиҳод ва ҳижрат тушунчаларининг асл моҳияти, ота-онага яхшилик, фарзанд тарбияси, тўй ва маросим маданияти каби масалаларнинг жамият ҳаётидаги аҳамияти атрофлича таҳлил қилинди.

Муҳокамаларда иштирокчилар ушбу нашрлар аҳолининг турли қатламлари орасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилиши, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим манба эканини эътироф этди.
Таъкидлаш жоизки, Самарқанд вилояти ҳокимлиги кўмагида нашр этилган мазкур рисола ва буклетлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг жамиятда маънавий барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган амалий саъй-ҳаракатларининг яққол намунасидир.

Мазкур нашрлар тақдимоти маърифий нашрлар орқали жамиятда соғлом дунёқарашни қарор топтириш, ёшлар онгида ахлоқий масъулият ва маънавий барқарорликни кучайтиришга хизмат қилган аҳамиятли тадбир бўлди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz