Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси Имом Бухорий инновацион музейи экспозициясини такомиллаштириш бўйича қатор тадбирларни амалга оширмоқда.
Хабар берилганидек, ўтган йилнинг август ойида музей контентини шакллантиришга бағишланган ички учрашув ўтказилиб, унда асосан Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси тарихига оид экспозицияни яратиш масаласи кўриб чиқилганди.
Кўп ўтмай, бу йўналишда олиб борилаётган илмий фаолият ва амалга оширилаётган ташкилий тадбирларни мувофиқлаштириш мақсадида қайтадан барпо қилинаётган Имом Бухорий мажмуасидаги инновацион музей ҳудудида ўрганиш ўтказилди.
Бу борадаги амалий ишларнинг мантиқий давоми сифатида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида мазкур музейнинг ташкилий-меъморий ечимлари муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда раҳбарият ва илмий ходимлар, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Туркиянинг Outdoor Factory компанияси вакиллари иштирок этди.
Муҳокамада музейнинг концептуал, умумий меъморий ғоялари кўриб чиқилиб, павильонларнинг ўзаро боғланиши, ҳаракат йўналишлари, очиқ-ёпиқ майдонлар бўйича техник ва амалий жиҳатлар юзасидан лойиҳавий ечимлар борасида фикр алмашилди.
Шунингдек, таклиф этилаётган экспонатларни жойлаштириш тартиби, уларнинг тарҳи ва ўзаро мутаносиблигини белгилаш, витрина ва электрон таблоларда намойиш этиладиган ашёлар, ахборот ва мультимедиа материалларини саралаш, шу билан бирга, уларнинг мазмунли ва манбаларга асосланган маълумотлари устида ишлаш зарурлиги таъкидланди.
Мулоқот давомида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, унинг таркибидаги инновацион музей ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биносининг тантанали очилиш маросимига тайёргарликнинг бориши ҳам муҳокама этилди. Жумладан, халқаро меҳмонлар рўйхатини шакллантириш, очилиш маросими сценарийси ва асосий тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, ташкилий масалаларга тегишли бошқа вазифалар белгиланди.
Учрашув якунида бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш, масъуллар ўртасида доимий мулоқот ва ахборот алмашувини йўлга қўйиш, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва юқори сифатда бажариш, шунингдек, муддатларга қатъий риоя қилиш зарурлиги қайд этилди.