2019 йилнинг 15-16 апрел кунлари Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрида Аҳмад Яссавий номидаги Қозоқ-Турк халқаро университети, Туркиянинг Мармара ва Ҳитит университетлари билан ҳамкорликда Исломшунос ва Ислом тарихи бўйича машҳур олим Проф. Др. Фуат Сезгин хотирасига “Ўтмишдан кунимизгача Туркистон: Тарих, маданият ва тамаддун” илмий конференциясида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари фаол қатнашдилар.
Бу халқаро илмий конференцияда Марказ илмий ходимларидан Нашрлар бўлими бошлиғи О.Муҳаммадиев “Вклад Алауддина Усманди Самарканди к развитию Исламских наук”, Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Т.Эвадуллаев “Муҳаммад ибн Бакр: Ҳаёти ва илмий мероси” (турк тилида), Ҳадисшунослик шўъбаси бошлиғи Б.Аманов “The role of Mahbubi dynasty in Islam”, Қуръоншунослик шўъбаси бошлиғи У.Муҳаммадиев “Туркий халқларнинг тилдаги умумий манбаси бўлган Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғати турк” асари (турк тилида) ва Халқаро алоқалар бўлими илмий ходими Ф.Мадиев “Бобурномада ўзаги арабча, форча ва туркча бўлган сўзларнинг замонавий турк ва ўзбек тилларидаги қиёсий таҳлили” мавзусидаги маърузалари билан конференцияда иштирок этдилар.
Мазкур халқаро конференцияда Туркия, Қозоғистон, Монголия ва Ўзбекистондан жами 80 дан зиёд турли соҳа ходимлари хусусан, қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатлар бўйича олимлар, профессор ва соҳа мутахассислари иштирок этдилар.
Марказ илмий ходимлари билан Аҳмад Яссавий номидаги Қозоқ-Турк халқаро университети ректорати вакиллари Проф. Др. Пусат Пилсен (Туркия) ва Проф. Др. Беркимбаев Камалбек Мейирбекулу (Қозоғистон) иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Учрашувда икки томонлама илмий-тадқиқот ишларини олиб боришда халқаро алоқаларни ўрнатиш, зиёрат туризмини ривожлантириш, буюк алломалар ҳаёти ва илмий меросини ўрганишда ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиш, маънавий меросимизни ўрганиб тадқиқ қилиш, қўлёзмалар тарихи, тури ва мазмунини ўрганиш, илмий ходимларни малакасини оширишда илмий-амалий ҳамкорлик қилиш, халқаро конференция, илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш каби масалалар юзасидан келишиб олинди.
Марказ ходимларини Аҳмад Яссавий номидаги Қозоқ-Турк халқаро университети ректорати вакиллари Проф. Др. Пусат Пилсен (Туркия) ва Проф. Др. Беркимбаев Камалбек Мейирбекулу (Қозоғистон) махсус қабул қилди ва икки томонлама алоқаларни ривожлантириш учун барча имкониятларни ишга солиш кераклигини билдириб ўтишди.
Шундан сўнг Туркиянинг Ҳитит университети илмий ходим ва профессорлари билан ўзаро ҳамкорликка оид қисқа учрашув бўлиб ўтди. Улар марказга яқин кунларда боришни мўлжаллаётганликларини ва ўзаро илмий ҳамкорликка тайёр эканликларини лозим бўлса, марказ билан кадрлар алмашиш бўйича илмий-амалий ҳамкорлик олиб боришга тайёрлигини таъкидлаб ўтишди.