Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Халқаро тадқиқотчиларнинг Бухорога илмий сафари

Халқаро тадқиқотчиларнинг Бухорога илмий сафари

Айни пайтда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида амалиёт ўтаётган халқаро стипендия дастури совриндорлари — Малайзия Халқаро ислом университети доценти др. Хайрил Ҳусайний бин Жамил ва Туркиянинг Трабзон университети тадқиқотчиси Хадича Демирчи Акюз қадим ва муҳташам Бухоро шаҳрига ташриф буюрди.

Сафар доирасида тадқиқотчилар дастлаб Тасвирий санъат музейида бўлиб, ушбу маданий масканнинг бой ва ноёб манбалар хазинаси билан яқиндан танишди. Музей қўлёзмалари уларнинг илмий изланишларини муҳим маълумотлар билан бойитди.

Навбатдаги манзил Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти бўлди. Бу ерда улар муассасанинг фаолияти, хусусан, кутубхона фонди, тарихий қўлёзмалар ва услубий материаллар билан танишди.

Тадқиқотчилар Бухоро Давлат университетида ҳам бўлиб, ислом манбашунослиги йўналишида фаолият юритувчи тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар билан илмий мулоқотда бўлди. Суҳбат давомида ўзаро тажриба алмашиш, томонларни қизиқтирган саволларга жавоб олиш ҳамда ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш имконияти яратилди.

Бухоро сафари кўплаб илмий ва маданий мулоқотлар, шунингдек, халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга оид келишувларга бой бўлди.

Тадқиқотчиларнинг Марказдаги амалиёти давом этмоқда.

 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

“Амир Темур – буюк давлат ва сиёсат арбоби”

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактабида 9 апрель – Амир Темур таваллудининг 689 йиллиги …