Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси томонидан Имом Бухорий инновацион музей экспозициясини такомиллаштириш юзасидан қатор амалий ишлар қилинмоқда. Бу йўналишда олиб борилаётган илмий фаолият ва амалга оширилаётган ташкилий тадбирларни мувофиқлаштириш мақсадида қайтадан барпо қилинаётган Имом Бухорий мажмуасидаги инновацион музей ҳудудида ўрганиш ўтказилди.
Унда қатнашган Марказ раҳбарияти ва жамоаси, буюк муҳаддис номидаги халқаро стипендия дастури иштирокчилари, илмий-инновацион лойиҳаларнинг раҳбар ва ижрочилари ҳамда Туркиянинг “Outdoor Factory” компанияси вакиллари даставвал Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди.
Ўрганиш жараёнида инновацион музейнинг ҳар бир бўлим ва павильонида акс этадиган кўргазмавий контент атрофлича муҳокама қилинди. Қатнашчилар экспонат ва проекциялар, монитор ва сенсорли экранларда, шунингдек, монументал буюмлар, ҳайкал ва голограммалар воситасида намойиш этиладиган ҳар бир жиҳатга алоҳида тўхталди.
Муҳокамалар жараёнида иштирокчилар томонидан қатор таклиф ва тавсиялар илгари сурилиб, Имом Бухорий ҳаёти ва илмий меросини кенг қамраб оладиган интерактив намойишлар, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда яратиладиган виртуал саёҳатлар ҳамда меҳмонлар учун кўргазмадан кейин билимларни синаш тариқасидаги электрон мулоқот майдонлари мазмун жиҳатдан бой ва ўқувчилар, зиёратчилар ҳамда тадқиқотчилар учун манфаатли бўлиши лозимлиги таъкидланди. Мулоқот давомида маърифий йўналишдаги видеоконтентларни кўпайтириш, мультимедиа тақдимотлари ҳамда қўлланма ва аудио-гид хизматларини янада такомиллаштириш зарурлигига урғу берилди.
Қизғин муҳокамалар Марказда ҳам давом эттирилиб, унда инновацион музей павильонларидаги намойишларнинг мантиқий кетма-кетлиги, хронологик тартиби ва узвийлиги таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганиш якунида келгусидаги вазифалар белгиланиб, билдирилган таклифлар асосида экспозицияни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштириб боришга келишиб олинди.
Мазкур амалий тадбир Имом Бухорий инновацион музейи нафақат миллий, балки халқаро миқёсда ҳам илмий-маърифий марказ сифатида фаолият юритишига замин яратадиган муҳим қадам бўлди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати