Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ватанга меҳри бўлак ёшлар – юртнинг энг катта бойлиги

Ватанга меҳри бўлак ёшлар – юртнинг энг катта бойлиги

Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонасида “Ватанни севмоқ – олий фазилат” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Россияда истиқомат қилаётган ўзбек диаспораси вакиллари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Ёшларнинг онги ва маънавиятини юксалтириш, Ватанга муҳаббат туйғусини янада мустаҳкамлаш, юрт равнақи йўлида фидойилик руҳини шакллантириш мақсадида ташкил этилган тадбирда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар, хусусан, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, ёш авлодга тарихий меросимизни чуқур ўргатиш борасида қилинаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Баёзхон Маҳмудов ҳам иштирок этди. У йиғилганларга Марказ фаолияти тўғрисида батафсил маълумот берди. Чоп этилаётган нашрлар ва илмий-тадқиқот ишлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Хусусан, Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадов бу илмий-амалий натижаларни юқори баҳолаб, уларнинг юксак ижтимоий-маърифий аҳамиятини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган оқилона сиёсат диний-маърифий соҳада ҳам юксак самара бераётганини қайд этиб, ислоҳотлар натижаси ўлароқ ташкил этилган ва халқаро миқёсда нуфузи ортаётган Марказ илмий жамоаси фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Тадбир Россиядаги ўзбек диаспораси ва ёшлар учун улкан маънавий аҳамият касб этиб, уларнинг миллий қадриятларга садоқати ва Ватанга муҳаббатини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Зеро, эл-юрт тақдирига бефарқ бўлмаган, унинг равнақи учун хизмат қилишга бел боғлаган ёшлар ҳар қандай мамлакатнинг энг катта бойлигидир.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

ИМОМ МОТУРИДИЙНИНГ ШОНЛИ МЕРОСИ ҲАМИША БАРҲАЁТ

Президентимизнинг 2025 йил 14 мартдаги “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори маънавий-маърифий …