Индонезиянинг Жакарта шаҳридаги Шариф Ҳидоятулло Давлат ислом университети ва Қуръон илмлари институти олимлари ҳамда туризм ва банк соҳалари вакиллари, санъаткорлардан иборат делегация яқинда юртимизга, хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига келган эди.
Халқаро марказ матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу ташриф тафсилотлари Индонезиянинг бир неча оммавий ахборот воситасида кенг ёритилди.
Мамлакатнинг расмий ахборот агентлиги ҳисобланган ANTARA News сайти делегация аъзоларининг Марказ билан илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларига алоҳида тўхталган.
Хабарда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдовнинг Индонезиядаги илмий муассасалар билан алоқалар чеклангани, аслида улар кўламини ошириш учун иштиёқ ва имкониятлар икки томонда ҳам кўплиги, ушбу ташриф ҳадис илми, Имом Бухорий асарларини ўрганиш ва бошқа илмий лойиҳалар бўйича яқин ҳамкорликка тамал тош қўйиши ҳақидаги фикрлари келтирилган.
Университет ва Қуръон илмлари институти олимлари, тадбиркорлар, банк соҳаси вакиллари ва санъаткорлардан иборат делегация аъзолари билан ўтказилган музокаралар давомида жорий йил июнь ойида Жакартада ва октябрда Самарқандда “Имом Бухорий мероси – мусулмон дунёси нигоҳида” мавзусида халқаро конференция ташкил этиш ва ўтказиш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш ва бошқа бир қатор амалий таклифлар билдирилгани маълум қилинган.
Liputan6.com ахборот сайтида эса ўзаро ҳамкорлик Имом Бухорийнинг асарларини ўрганишга, унинг меросини биргаликда тадқиқ этиб, кенг жамоатчиликка етказишга қаратилгани тилга олиниб, мазкур йўналишдаги фаолиятнинг салмоғи ва аҳамиятини бир қадар оширишга хизмат қилиши таъкидланган.
Nahdlatul Ulama ташкилотига тегишли NU Online сайти Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури доирасидаги ҳамкорлик истиқболларига кенгроқ ўрин ажратган. Таъкидланишича, Малайзия, Туркия ва бошқа кўплаб давлатлар тадқиқотчилари қатнашган мазкур дастур бўйича Индонезия билан ҳозиргача ўрнатилмаган ҳамкорлик ташриф натижаларига кўра йўлга қўйиладиган бўлди.
Aspirasinusantara.id сайти эълон қилган мақолада бир гуруҳ фаолларнинг хорижда, хусусан, Ўзбекистонда, Имом Бухорий меросини ўрганиш, ёритиш ва мусулмон дунёси учун унинг аҳамиятини тарғиб қилишга қаратилган ташаббуслари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликни ўз ичига олиши қайд этилган.
Худди шу материал AswajaTV сайтида ҳам эълон қилинган.