Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Малайзиянинг SIRIM академияси (Standard and Industrial Research Institute of Malaysia) вакиллари ташриф буюрди.
Меҳмонлар Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш йўналишида туризм бошқаруви ва соҳа маркетингини такомиллаштириш, шунингдек, мамлакатимизда мусулмонларнинг дўстона туризми (Muslim-friendly tourism) стандартларини жорий этиш имкониятларини ўрганиб, бу борада юртимиз бўйлаб мутахассислар учун ташкил этилаётган махсус курсларда ўз тажрибасини ўртоқлашиб келмоқда.
SIRIM академияси – Малайзиядаги илмий ва техник таълим, тадқиқот ва стандартлаштиришга ихтисослашган олий тоифали муассаса бўлиб, асосий вазифаси саноат ва технологияни ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат. 1975 йилда ташкил этилган академия бугунги кунда Малайзиянинг энг йирик халқаро стандартлар, инновациялар ва тадқиқот марказларидан бирига айланган.
Академиянинг махсус ўқув курслар, тадқиқот ишлари, сертификатлаштириш ва стандартлаштириш иши билан шуғулланувчи ходимлари инновацион ечимлар ишлаб чиқиш, сифатни назорат қилиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга ёрдам беради.
Малайзиялик тадқиқотчилар Марказ музейи фаолияти билан яқиндан танишиб, Имом Бухорий сийрати ва бой илмий мероси бўйича билим ва тушунчаларини бойитди. Меҳмонлар янгидан барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуаси ҳамда Марказнинг зиёрат туризми йўналишидаги салоҳиятини юқори баҳолади.