Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Хорижий тилларни ўрганиш ва таълим муаммолари муҳокамаси

Хорижий тилларни ўрганиш ва таълим муаммолари муҳокамаси

19 февраль куни Тошкентда Ориентал университети ташаббуси билан ташкил этилган “Хорижий тиллар тадқиқи ва таълими муаммолари” мавзусига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман бошланди.

Дунё миқёсидаги нуфузли таълим ва тадқиқот муассасалари вакиллари, профессор-олимлар, мутахассис ва тадқиқотчилар қатнашаётган нуфузли анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов ҳам онлайн иштирок этди. Олим ўз маърузасида хорижий тилларни тадқиқ қилиш ва таълим жараёнида уларнинг ўрнига алоҳида урғу берди. Тарихий манбаларни ўрганиш, қадимий қўлёзмаларни таҳлил қилиш ва уларни кенг оммага етказишда тил билиш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, Имом Бухорий меросини ўрганишда турли тиллардаги манбаларни тадқиқ этиш заруратига эътибор қаратди.

Ш.Зиёдов конференция мавзусининг долзарблигига тўхталар экан, глобаллашув жараёнида тилларни ўрганиш ва маданий мулоқотни мустаҳкамлаш илмий-тадқиқот ишларини янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади. Анжуман ишига муваффақият тилаб, бундай тадбирлар академик доиралар ва илмий муассасалар ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.

Конференцияда мамлакатимиздаги етакчи илмий муассасалар билан бирга Озарбайжон Миллий Фанлар академияси, Ўмондаги Султон Қобус университети, Малайзиядаги Утара университети, Саудия Арабистонидаги Подшоҳ Сауд университети, Москва Давлат педагогика университети, АҚШ,  Хитой ва Мисрнинг илғор таълим муассасалари вакиллари маърузалар қилмоқда.

Анжуман давомида хорижий тилларни ўқитиш, илмий-тадқиқот фаолиятида тилнинг аҳамияти, когнитив тилшунослик, таржима назарияси ва амалиёти, замонавий методик ёндашувлар каби мавзулар юзасидан қизғин муҳокамалар бўлиб ўтмоқда. Мутахассислар фикрига кўра конференция ўз мақсадларига эришган ҳолда, иштирокчиларнинг янги илмий хулосалар билан ўртоқлашиши ва тажриба алмашиши учун муҳим платформага айланади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Шеъриятнинг олий мутасаввифи, тасаввуфнинг аъло шоири

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида навоийхонлик кечаси ташкил этилди. Унда Марказ илмий ходимлари, Ҳадис илми …