Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Амир Темур – буюк қаҳрамон ва адолатли ҳукмдор

Амир Темур – буюк қаҳрамон ва адолатли ҳукмдор

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси маданий бойликлари” туркумида навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ ходимлари, юртимиз ва хориждаги илмий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, Германия, Туркия ва АҚШдан олимлар иштирок этди.

Семинарда АҚШнинг Индиана университети Ҳемилтон Лугар номидаги Глобал ва халқаро тадқиқотлар мактабининг Марказий Осиё тарихи бўйича доценти проф. др. Рон Села “Илк янги тарих даврида Марказий Осиёда Амир Темур шахсини қайта жонлантириш ҳаракатлари” мавзусида маъруза қилди.

Олимнинг таъкидлашича, Марказий Осиё тарихи ва маданиятида Соҳибқирон Темур номи юксак мавқега эга. Бироқ унинг шахсияти ва мероси асрлар давомида ўз ватанидан ташқарида кўпроқ эътироф этилган, Ҳиндистон, Эрон, Усмонийлар империяси, ҳатто Европа ва Америкада ҳам қадрланган. XVIII-XIX асрларга келиб, Темур шахси Марказий Осиёда яна шон-шарафга бурканганига гувоҳ бўламиз. Маърузачи бунга минтақада юзага келган сиёсий ва ижтимоий беқарорликни асосий сабаб қилиб кўрсатди.

Саркарданинг таржимаи ҳоли, ҳаёти ва фаолиятига оид тарихий рамзлар ва ҳукмдорлигининг қонунийлигини мустаҳкамлашга қаратилган ривоятлар айнан шу даврда оммалашди. Маърузада бу жараёнга таъсир қилган омиллар таҳлил қилиниб, Темур шахсияти халқ учун буюк қаҳрамон, адолатли ҳукмдор тимсоли бўлиб қолгани қайд этилди.

Бу жараённинг кульминацияси ҳақида Рон Села бундай деди: “Темур маҳаллий жамоа, мухолифат ва ҳукмронликка интилаётган қатламлар учун керак эди. Чунки у чингизий сулоладан эмас, халқнинг ўз фарзанди, унинг қаҳрамонлиги ҳақида энг гўзал ривоятлар ҳикоя қилинган ва у бутун дунёга ҳукмронлик қилган.”

Шундай қилиб, Амир Темур номи XVIII-XIX асрларда Марказий Осиёнинг сиёсий-мафкуравий манзарасида қайта жонланиб, Кўрагонийнинг тарихдаги ўрни унинг ғалабалари ва адолатли ҳукмдор сифатидаги образини мустаҳкамлади.

Семинар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Хорижий тилларни ўрганиш ва таълим муаммолари муҳокамаси

19 февраль куни Тошкентда Ориентал университети ташаббуси билан ташкил этилган “Хорижий тиллар тадқиқи ва таълими …