Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ҲАМКОРЛИК ИСТИҚБОЛЛАРИ МУҲОКАМАСИ

ҲАМКОРЛИК ИСТИҚБОЛЛАРИ МУҲОКАМАСИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Миср Араб Республикасидаги вакили, “Аш-Шаълон” Қуръон тадқиқотлари жамғармаси раиси доктор Абдуллоҳ Ҳусайн Шаълон Миср вақф ишлари вазири профессор, доктор Усома Азҳарий билан учрашди.

Суҳбат чоғида Марказ билан мазкур вазирлик ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Доктор Усома Азҳарий Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Миср Вақф ишлари вазирлиги ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш учун улкан салоҳият мавжудлигини таъкидлади.

Мулоқот асносида Миср вақф ишлари вазири Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, соғлом фикр ва асл исломий қадриятларни ёйишга, хавфсизлик ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга, экстремистик ғояларга қарши курашишга қаратилган саъй-ҳаракатлар Эҳромлар юртида катта мамнуният билан қабул қилинаётганини қайд этди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази каби янги муассасалар ташкил этилгани Миср аҳлини ҳам қувонтириши таъкидланди. Бу билан ислом цивилизацияси равнақига беқиёс ҳисса қўшган, икки мамлакат ва умуман мусулмон дунёси учун бирдек азиз ва мўътабар бўлган алломаларимизнинг меросини ўрганиш, халқаро анжуманлар, илмий семинар ва симпозиумлар, кўргазмалар ташкил этиш, бағрикенглик, тотувлик ва мўътадиллик қадриятларини тарғиб этиш учун янги имкониятлар эшиги очилгани эътироф этилди.

Томонлар илмий алоқаларни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашиб, тез фурсатда муассасалараро ҳамкорликка оид Англашув меморандумини имзолаш бўйича келишувга эришди. Шунингдек, доктор Усома Азҳарий Марказга ўзининг “Динни ўйин қилувчиларга раддия мавзусида очиқ ҳақиқат” номли китобини ўзбек тилига таржима қилиш учун ижозат берди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Шеъриятнинг олий мутасаввифи, тасаввуфнинг аъло шоири

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида навоийхонлик кечаси ташкил этилди. Унда Марказ илмий ходимлари, Ҳадис илми …