Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Туркиянинг “TRT El Arabiya” телерадиоканали ижодий гуруҳи томонидан шу номли ҳужжатли фильмнинг тегишли қисми суратга олинмоқда. Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар – Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино каби алломаларнинг бой илмий меросини кенг жамоатчиликка таништиришга қаратилган киноасарнинг Имом Бухорийга оид қисмида Марказ олимлари буюк муҳаддис ҳаёти, илмий мероси ва ислом илми ривожида тутган ўрни ҳақидаги маълумотлар билан ўртоқлашмоқда.
Фильмни суратга олиш жараёнида Марказнинг салоҳияти, замонавий тадқиқот усуллари, бу ерда олиб борилаётган илмий ишлар ҳам ёритилиб, Имом Бухорий меросининг бугунги кунда қай даражада тадқиқ этилаётгани, бу изланишларнинг аҳамияти ва умуминсоний қадриятлар билан боғлиқ жиҳатлари ҳақида фикрлар билдирилмоқда.
Ҳужжатли фильмнинг бошқа қисмлари Хива, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида суратга олинади.
Буюк алломаларимиз юксак илмий салоҳиятини дунёга танитиш, уларнинг илмий меросини янада кенг тарғиб қилишга хизмат қиладиган фильмни жорий йилнинг март ойида “TRT El Arabiya” телеканали орқали намойиш этиш режалаштирилган.