4 февраль куни Куала-Лумпур шаҳридаги Малайзия Ислом санъати музейида икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, Малайзия жамоатчилигини Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданий мероси билан яқиндан таништириш мақсадида шу мавзуда халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида ташкил этилган тадбирда Малайзиянинг етакчи илмий ва маданий муассасалари – «Ал-Бухорий» жамғармаси, Исломни англаш институти, Ислом маданияти институти, Ислом фанлари университети, Халқаро ислом университети ва қатор илмий-тадқиқот марказлари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбати давомида Ўзбекистонда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолияти ҳужжатли фильмлар намойиши, тақдимотлар орқали кенг ёритилди.
Малайзия ислом маданияти ва таълими муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Имом Бухорий ва бошқа аллома аждодларимиз меросини ўрганиш ва ёш авлодга етказиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.
Халқаро ислом тафаккури ва цивилизацияси институти (Малайзия) Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари билан ўзаро англашув меморандумларини имзолади.
Давра суҳбатининг асосий қарорларидан бири икки мамлакатнинг ислом цивилизациясини ўрганишга ихтисослашган етакчи тадқиқотчилари ва экспертларини бирлаштирадиган қўшма Ўзбекистон-Малайзия илмий жамиятини ташкил этиш бўлди. Унинг асосий вазифалари сирасига қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш ва нашрлар, таълим ва маданий ташаббусларни ташкил этиш, академик тажриба ва ресурслар алмашиш, шунингдек, ислом мероси масалалари бўйича халқаро мулоқотни ривожлантириш каби йўналишлар киради.
Малайзия томонидан ўзбекистонлик тадқиқотчиларга 100 мингдан ортиқ нодир қўлёзма ва нашрдан фойдаланиш имконини берувчи махсус электрон сертификат топширилди. Бу ҳужжат Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва бошқа академик муассасаларга келгусида илмий тадқиқотларни янада чуқурлаштириш имконини яратади.
Давра суҳбати доирасида Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида қатор ташаббуслар илгари сурилди, жумладан:
– диний маърифат йўналишида Малайзия Ислом тафаккури ва цивилизацияси институти ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги халқаро марказлар ўртасида радикализмнинг олдини олиш бўйича махсус дастур доирасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
– маданий соҳада Малайзия Ислом санъати музейида Ўзбекистоннинг тарихий ёдгорликлари ва топилмаларига бағишланган фотокўргазма ташкил этиш, шунингдек, мамлакатнинг тарихий-маданий мероси билан танишиш мақсадида Малайзиянинг диний ва таълим ташкилотлари вакиллари, журналистлар ва жамоат арбоблари учун Ўзбекистон бўйлаб медиатур ўтказиш;
– таълим соҳасида малайзиялик олимларни Имом Бухорий ва Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендиялар дастурларига кенг жалб этиш;
– илмий соҳада Малайзия Ислом маданияти институти ва Имом Бухорий номидаги марказ ўртасида мусулмон олимларининг тиббиёт соҳасидаги илмий меросини ўрганиш ва тиклаш ҳамда Имом Бухорий меросини тадқиқ қилиш;
– маънавий-маърифий йўналишда малайзиялик диндорларга Ўзбекистондаги Имом Бухорий, Имом Термизий ва Баҳоуддин Нақшбанд билан боғлиқ муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш имконини берувчи “Умра плюс” махсус зиёрат дастурини йўлга қўйиш таклиф этилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WОSCU) ҳамда Ўзбекистон илмий марказлари томонидан нашр этилган китоблар ва факсимиле нашрларнинг ноёб кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этилган “Саҳиҳул Бухорий шарҳи”, Имом Бухорий асарларининг таржимаси, шунингдек, Марказ олимларининг тадқиқотлари Малайзия илмий жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди. Илмий ва маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш рамзи сифатида китоблар тўплами Малайзиянинг ҳамкор ташкилотлари кутубхоналарига, жумладан, Халқаро ислом тафаккури ва цивилизацияси институти, Малайзия Ислом маданияти институти ва бошқа муассасаларга совға қилинди.
Иштирокчилар Малайзия Ислом санъати музейидаги ўзбек маданий мероси экспозицияси ва бошқа экспонатлар билан танишди.