Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Жадидлик ва миллий уйғониш: Беҳбудий мероси ёшлар қалбида

Жадидлик ва миллий уйғониш: Беҳбудий мероси ёшлар қалбида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Ғаллаорол тумани ихтисослаштирилган мактабида буюк жадид, маърифатпарвар ва Туркистон миллатпарварлари етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 150 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда Марказ илмий ходимлари Б.Маҳмудов, А.Мамадалиев, туман Адлия бўлими бош юристи Э.Муҳаммадиев ва Давлат хизматлари бўлими ходими Ғ.Норматов иштирок этди.

Тадбир давомида маърузачилар Беҳбудийнинг жадидлик ҳаракатидаги ўрни ва унинг туб мафкуравий мақсадларига тўхталди.

Таъкидланганидек, Маҳмудхўжа Беҳбудий XIX аср охири ва XX аср бошларида Туркистонда кечган миллий уйғониш жараёнларининг энг фаол ва илғор намояндаларидан бири эди. Унинг асосий мақсади илм ва маърифат орқали миллатни озодликка йўллаш, жаҳолат зулматидан қутқариш бўлган. Шу мақсадда мутафаккир янги услубдаги мактаблар ташкил этиб, эски усулдаги таълим тизимини ислоҳ қилишга киришган. 1911 йилда ёзган “Падаркуш” драмаси орқали ўзбек драматургиясига асос солган. 1913 йилда эса “Самарқанд” газетаси нашрини йўлга қўйиб, миллий матбуотни ривожлантириш тарихида ҳам улкан из қолдирди.

Тадбир иштирокчилари Беҳбудийнинг тил масаласидаги хизматларини алоҳида қайд этди. 1918 йилда у Туркистондаги рус маъмурларига мурожаат қилиб, туркий тиллар орасида ўзбек тили давлат тили сифатида тан олиниши кераклигини таъкидлаган. Мутафаккирнинг фикрича, миллий ривожланишнинг асосий устуни – бу ўз она тилига эга бўлишдир. Шу боис бу таклиф ўша пайтдаги ҳукмрон доираларга маъқул келмаган, албатта. Шунга қарамай, Беҳбудий ўзбек тили ва туркий тилларнинг нуфузини оширишга интилган.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Миллатга ғамхўр бўлмоқ керак, унинг тилини, урф-одатини сақламоқ керак” деган сўзлари ҳозирги кунда ҳам долзарблигини йўқотмаган.

Ўқувчилар билдирган фикрлар ва инглиз тилида ўтган савол-жавоблар ёшларнинг кенг дунёқараши ва юксак билим даражасини намоён этди. Жадидлик ҳаракати, Беҳбудий ғоялари ва уларнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида қизғин мунозаралар бўлиб ўтди. Мутафаккирнинг фидойилиги, миллат ҳуррияти ва равнақи учун кураши, маърифат йўлидаги хизматлари ҳозирги ёшлар учун буюк ибрат мактаби экани таъкидланди.

Тадбир сўнгида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари фаол иштирокчиларни эсдалик совғалари билан тақдирлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Фариза Шом: “Ўзбекистонлик тадқиқотчилар учун барча шароитларни яратиб беришга тайёрмиз”

21 январь куни Малайзия ислом маданияти институтида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда Имом Бухорий, Имом Мотуридий …