21 январь куни Малайзия ислом маданияти институтида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда Имом Бухорий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакиллари, Малайзия ислом маданияти институти раҳбарияти ҳамда Малайзия миллий университети профессор-ўқитувчилари қатнашди.
Малайзия томонига Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, диний-маърифий соҳадаги ижобий ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Йиғилиш иштирокчиларида “Ўзбекистонда диний соҳадаги янгиланишлар” мавзусидаги фильм катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир давомида Малайзия ислом маданияти институтидан Имом Бухорий халқаро стипендиясининг ғолиби бўлган тадқиқотчилар билан суҳбат уюштирилди.
Малайзия ислом маданияти институти директори, профессор Фариза Шом ўз сўзида қуйидагиларни таъкидлади:
“Ўзбекистон вакиллари Малайзияга ташриф буюрганларида уларни катта хурсандчилик билан кутиб оламан. Ўзбекистонлик тадқиқотчиларга Малайзияда қандай шароит зарур бўлса, уларни ҳозирлаб беришга тайёрман”.
Учрашув очиқ ва конструктив руҳда ўтди.