Хабар қилинганидек, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Халқаро ислом академияси раҳбарларидан иборат делегация Буюк Британияда сафарда бўлиб турибди.
28 ноябрьда делегация аъзолари томонидан Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар” мавзусида тақдимот тадбири ўтказилди. Унда Британиянинг нуфузли эксперт ва илмий доира вакиллари, дин ва жамоат арбоблари, ватандошлар иштирок этди.
Тақдимот аввалида “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар” номли фильм намойиш этилди.
Тадбирда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Халқаро ислом академиясининг янги нашрлари кўргазмаси ташкил этилди.
Британия илмий жамоатчилигида Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар катта қизиқиш уйғотди.
Учрашув сўнгида Буюк Британияда истиқомат қилаётган ватандошлар билан давра суҳбати бўлиб ўтди. Ватандошларимизга турли ёт ғоялардан огоҳ бўлиш, радикал оқимлар таъсирига тушмаслик бўйича тушунтириш берилди. Суҳбат якунида муфтий Шайх Нуриддин Холиқназарнинг “Ёшларга насиҳат”, “Фитна кўз илғамас хатар”, “Ихтилофли масалалар ечими” каби китоблари тақдим этилди.
Учрашувлар давом этмоқда.