Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси маданий бойликлари” туркумида навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ ходимлари, юртимиз ва хориждаги илмий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, Германия, Австрия ва Туркиядан олимлар иштирок этди.
Семинарда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти илмий ходими Абдусаттор Жуманазаровнинг “Ўрта асрларда Бухоро таълим тизимига оид мулоҳазалар” номли маърузаси тингланди.
Олим Ўрта асрларда Бухоро таълим тизими, мадрасалар тарихи ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳамиятини таҳлил қилиб, шаҳар мадрасаларининг 1200 йиллик ўтмишини, улардаги таълим жараёнларини, тоифаларга қандай ажратилганини ва вақф мулклари асосида ташкил этилган таъминот тизимини сўзлаб берди.
Бухоро таълим тизими тузилмаси уч асосий қисмдан иборат бўлган: мадрасалар бошқаруви, ўқув жараёни ва талабалар таъминоти. Олий тоифа мударрисларидан қуйи табақадаги ўқитувчиларгача ҳамма муайян вазифаларга эга бўлиб, таълим соҳаси тартибли ва мукаммал тизим асосида ривожланган. Маърузада талабаларнинг илмий даражалари, моддий таъминоти, шунингдек, вақф мулкларининг ижтимоий аҳамияти кўрсатиб берилди.
Олим мадрасаларнинг турли тоифалари ва ўқув жараёнининг узлуксизлиги илмий ва маданий тараққиётнинг муҳим омили бўлгани, айниқса, вақф мулклари бу таълим муассасаларини моддий таъминлашда ҳал қилувчи ўрин тутгани, шунингдек, давлат ва жамият доимий равишда улар фаолиятини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаганини таъкидлади.
А.Жуманазаровнинг мазкур йўналишдаги изланишлари Бухоро таълим тизимини ўрганишда янги йўналишларни очиб берган бўлиб, турли даврларда мадрасалар ва таълимнинг ривожланиш манзарасини кенгроқ тушуниш имконини беради.
Семинар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.