Самарқандда Ўзбекистон ва Индонезия ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган шу номдаги спектаклнинг премьераси бўлиб ўтди.
2023 йил январь ойида вилоят делегацияси Индонезия ва Малайзия давлатларида сафарда бўлган эди. Ўшанда Каттақўрғон шаҳри драма театри Индонезиянинг Жакарта шаҳридаги Буми Пурнати театри билан 5 йилга мўлжалланган ижодий меморандум имзолаган эди. Ушбу ҳамкорлик натижасида икки театр жамоаси биргаликда “Имом Бухорий ва Сукарно” саҳна асарини яратди.
– Мазкур саҳна асари драматурглар – индонезиялик Аҳмад Фавзий ҳамда ўзбекистонлик Гўзалой Солиҳ томонидан ёзилди, – дейди Каттақўрғон шаҳар драма театри раҳбари Ботир Тугалов. – Асар икки ой давомида икки давлат ижодкорлари томонидан онлайн тарзда ишланди ва 15 кун давомида театримизда репитиция жараёнлари ўтказилди.
Бу асар 1956 йилда Индонезиянинг биринчи президенти жаноб Сукарно Ўзбекистонга ташриф буюриб, Имом Бухорий ҳазратлари қабрини зиёрат қилиши ва бу йўлда учраган тўсиқлар ҳақида ҳикоя қилади. Спектакль режиссёрлари – индонезиялик ижодкор Аҳмад Фавзий ва Ўзбекистон халқ артисти Валихон Умаров.
Спектакль дастлаб, Каттақўрғон шаҳри драма театрида, кейин вилоят мусиқали драма театрида намойиш этилди. Самарқандда ўтказилган премьерада вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов, театрлар ходимлари, спектакль ижодкорлари иштирок этди.