Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / РАДИКАЛИЗМ – ЖАМИЯТ БАРҚАРОРЛИГИГА ТАҲДИД

РАДИКАЛИЗМ – ЖАМИЯТ БАРҚАРОРЛИГИГА ТАҲДИД

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Самарқанд Давлат чет тиллар институтида “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида “Радикализм – жамият барқарорлигига таҳдид” мавзусида маърифий учрашув ўтказилди.

Институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этган тадбирда Марказ илмий ходимлари бугунги глобаллашув жараёнида дунё халқлари ҳаётига таҳдид солиб, халқаро миқёсда тинчлик ва осойишталикни бузишга уринаётган террорчи кучларга, манфур ғоялар билан қуролланган оқимларга қарши курашиш инсоният олдида турган долзарб вазифалардан эканини таъкидлади.

Дарҳақиқат, экстремизм ва терроризм инсоният учун оғир хавфга айланган. Диний ақидапарастлик, турли маънавий таҳдидларга қарши кураш давом этаётганига қарамай, бузғунчи тўдаларга хайрихоҳ кимсалар ҳамони учраб турибди. Уларнинг аксариятини ёшлар ташкил этиши айниқса аянчлидир.

Ўзбекистон дунёда тинчликни сақлаш, турли халқ, элатлар манфаатларини ҳимоя қилиш, терроризм, диний ақидапарастлар ва турли ғараз ниятли тўдаларга қарши курашиш борасида ўзининг фаол ва мустаҳкам позициясига эга. Бу жиҳатлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, узоқ-яқин давлатлар билан барча жабҳалардаги муносабатларда ўз аксини топмоқда.

Сир эмаски, бугун интернет оламида турли маънавий таҳдидлар авж олган, ёшларимизни ўзининг бузуқ ғоялари таъсирига оғдириш ниятида бўлган оқимлар урчимоқда. Уларнинг таги пуч ақида ва мафкурасини тарғиб қилишга қаратилган веб-сайтлар ҳам ортмоқда.

Тадбирда жаҳолатга қарши маърифат билан курашишда барча биргаликда ҳаракат қилиши зарурлиги таъкидланди. Негаки, хавфсизлик умумий ҳодиса бўлиб, алоҳида бир шахс, оила ё давлатнинг тинчлиги ҳамманинг тинчлигини англатмайди. Таҳдид барчага бирдек хавфлидир.

Айниқса, ёшларимиз таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Жумладан, уюшмаган ёшлар масаласи ғоят долзарбдир. Улар ўз муаммоларига жавоб топиш учун турли ижтимоий тармоқларга мурожаат қилмоқда. Уларнинг хатардан холи эканига ҳеч ким кафолат бермайди. Шу маънода, ёшларимиз маънавиятини мустаҳкамлаш, уларда ўзига ишонч туйғусини, мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва мудом мустаҳкамлаб бориш жоиз.

Тадбир сўнгида Марказда нашр этилган китоблар тақдимоти ўтказилиб, фаол талабаларга янги адабиётлар улашилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ раҳбари юксак мукофот билан тақдирланди

Мамлакатимизда ўтказилаётган “Халқаро бағрикенглик” ҳафталиги доирасидаги тадбирлар жамиятда бағрикенглик ғояларининг мустаҳкамланиши, турли миллат ва элат …