11 октябрь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) билан ҳамкорликда “Марказий Осиё – Ислом маданияти ва санъати ўчоғи” илмий лойиҳаси доирасида навбатдаги онлайн семинар ўтказилди. Унда Марказ илмий ходимлари ва IRCICA вакиллари билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти, Халқаро ислом академияси, Ҳадис илмий мактабининг устоз ва талабалари, Туркия ва Германиядан тадқиқотчилар қатнашди.
Семинарда IRCICA кутубхонаси ва архиви мудири др. Дидар Байир хоним “Илмий маълумотларни бошқариш ва уларнинг кутубхоначилар томонидан қўллаб-қувватланиши” мавзусида маъруза қилди.
Олима замонавий тадқиқотларда маълумотларни тўғри қайта ишлаш ва бошқариш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, кутубхоналар ва ахборот-русурс марказларининг бу борадаги ўрнини алоҳида қайд этди. Унинг фикрича, айнан ахборот-ресурс марказлари тадқиқот маълумотларини сақлаш, қайта ишлаш ва омма эътиборига тақдим қилишда ғоят зарур восита бўлиб хизмат қилади. Ушбу жараёнда FAIR (Findable (осон топиладиган), Accessible (осон олинадиган), Interoperable (мослашувчан), Reusable (қайта фойдаланиш мумкин бўлган) тамойилларига риоя қилиш муҳимдир. Бунинг учун ҳар бир тадқиқот маълумоти тўғри каталоглаштирилиши ва сақланиши лозим.
Кутубхоналар ахборотни жамлаш, таҳлил қилиш ва умумий фойдаланувчилар ундан фойдаланишини таъминлаш билан бир қаторда, тадқиқотчиларга маълумотлар бошқаруви режаларини ишлаб чиқишда ҳам кўмаклашади. Бугунги кунда дунё бўйлаб кутубхоналар ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида ахборот алмашуви ва ҳамкорлик имкониятлари кенгаймоқда. IRCICA каби марказлар халқаро тадқиқотчиларни бирлаштириш ва илм-фан соҳасидаги янги қирраларни очиб беришда муҳим роль ўйнамоқда.
Семинарда таъкидланганидек, бугунги давр кутубхоналари илмий маълумотларни тўғри ва замонавий услубларда сақлашга, улардан фойдаланишни осонлаштиришга, тадқиқотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи ўзига хос инфратузилмага айланиб бормоқда. Хусусан, Туркия ва Европа мамлакатларидаги қатор кутубхоналар қўлёзма асарлар ва илмий адабиётларни кенг оммага замонавий рақамлаштириш технологиялари орқали тақдим қилмоқда. Бунда кутубхоналарнинг рақамли архивлари кенгайиб бораётгани муҳим ўрин тутяпти, албатта.
Дидар хоним илмий маълумотларни тўғри бошқариш ва сақлашнинг замонавий тамойилларига тўхталар экан, бу масала нафақат академик доиралар, балки кенг жамоатчилик учун ҳам катта аҳамият касб этишини таъкидлади.
Семинар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.