Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Британиялик олимлар эътирофи

Британиялик олимлар эътирофи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Имом Бухорий илмий мероси тадқиқига янгича ёндашувлар” мавзусида халқаро давра суҳбати ўтказилди. Унда Марказ раҳбарияти ва илмий ходимлари, Ҳадис илми мактабининг мударрис ва талабалари, британиялик исломшунос олимлар иштирок этди.

Тадбир аввалида Марказ раҳбари Шовосил Зиёдов йиғилганларга Имом Бухорий асарларини ўрганиш, тадқиқ этиш, ўзбек тилига ўгириб, кенг тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берди. Илмий ходимлар томонидан муҳаддис олимнинг илк бор ўзбек тилига таржима қилинган “Халқу афъолил ибод” ва “Китобуз зуафоис сағир” китобларини намойиш этди.

Қатнашчилар мамлакатимизда Имом Бухорийнинг бой маънавий хазинасини асраб-авайлаш ва келгуси авлодга тўла-тўкис етказиш борасида қилинаётган ишлар кўламига юқори баҳо бериб, Марказнинг фаолият давомида қўлга киритаётган муваффақиятлари айнан шу саъй-ҳаракатларнинг натижаси эканини эътироф этди.

Кардифф университети ҳузуридаги (Буюк Британия) Исломни ўрганиш марказининг ислом илоҳиёти, ҳуқуқ, тасаввуф ва ижтимоий фанлар бўйича етакчи олимидир. Ҳорун Иброҳим Сидат мазкур таржима ишлари юксак илмий натижа сифатида муаллифнинг буюк сийрати, ўлмас асарлари ва чуқур илмий ғояларини ёш авлодга шарҳлари билан тўла-тўкис етказишга хизмат қилишини таъкидлади.

Лидс университети (Буюк Британия) доктори, “Ал-Ақсо дўстлари” нодавлат ташкилоти асосчиси Исмоил Адам Пател дунёдаги вазият шиддат билан ўзгараётган бугунги шароитда исломни турли хуруж ва фитналардан ҳимоялашда айниқса Имом Бухорий илмий мероси улкан аҳамиятга эга эканини, унинг нафақат Мовароуннаҳр, балки умуммусулмон мулки бўлган асарларидан, аввало, қондош ва заминдош авлодлари кўпроқ баҳраманд бўлиши лозимлиги, бу борада Марказда олиб борилаётган тадқиқотлар ғоят манфаатли бўлаётганини қайд этди. Марказ кутубхонасига ўз асарлари тўпламини туҳфа қилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Янги нашрлар минтақа халқлари маърифатини оширишга хизмат қилади

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Имом Бухорий илмий мероси: замонавий тадқиқотлар” мавзусида халқаро давра суҳбати …