Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Янги нашрлар минтақа халқлари маърифатини оширишга хизмат қилади

Янги нашрлар минтақа халқлари маърифатини оширишга хизмат қилади

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Имом Бухорий илмий мероси: замонавий тадқиқотлар” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директорининг ўринбосари Фирдавс Ҳалимов, Ҳадис илми мактаби ректори Барот Амонов, Ал-Азҳар университети (Миср) профессори Шайх Маҳмуд Ҳасан, Истанбул университетининг (Туркия) Илоҳиёт факультети битирувчилари, Имом Бухорий халқаро стипендияси совриндорлари ва Марказ илмий ходимлари иштирок этди.

Тадбирни Марказ директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов очиб, ходимлар олиб бораётган тадқиқотлар ва уларнинг самарали натижалари ҳақида маълумот берди. Марказ жамоаси томонидан тайёрланган энг янги нашрлар – Имом Бухорийнинг “Халқу афъолил ибод” ва “Китобуз зуафоис сағир” асарлари таржимаси ва шарҳи билан таништирди.

Давра суҳбати иштирокчилари мазкур асарларнинг илк бор ўзбек тилига таржима қилинишини тарихий воқеа сифатида баҳолаб, нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа халқларига илмий-маърифий манфаат келтиришини қайд этди.

Тадбир давомида қатнашчилар Марказда олиб борилаётган ишларнинг юксак натижаларини эътироф этиб, алломалар, хусусан, Имом Бухорий меросини ўрганишда замонавий ёндашувларга оид, пировардида илмий фаолиятни янада такомиллаштиришга хизмат қиладиган муҳим таклифларни билдирди.

Давра суҳбати якунида Имом Бухорий халқаро стипендияси дастури доирасида Марказда илмий амалиёт ўтаган Ҳикмет ва Айше Гултегинга махсус сертификат топширилди. Стипендиатлар дастурда иштирок этганидан ҳамда илмий изланиш учун яратилган шароит ва тақдим этилган имкониятлардан ғоят мамнун бўлганини таъкидлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

ХАЛҚУ АФЪОЛИЛ ИБОД

📚 Китоб номи: ХАЛҚУ АФЪОЛИЛ ИБОД 👤Муаллиф: Имом Бухорий ✅️Ушбу китоб Имом Бухорийнинг “Халқу афъолил …