Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Анжуманнинг Тошкент қисми

Анжуманнинг Тошкент қисми

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида “Имом Бухорийнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида ташкил қилинган конференция 22 июль Тошкент шаҳрида давом этди. Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходимлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари олимлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Анжуманни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов бошқарди.

Учта шўъбада ташкил этилган конференцияда йигирмага яқин маъруза тингланиб, Имом Бухорийнинг илмий мероси, уни ўрганиш ва тарғиб қилишга оид қатор масалалар муҳокама қилинди. Айниқса, Самарқандда барпо қилинаётган Имом Бухорий мажмуасида ташкил этиладиган ва аллома номи билан аталадиган инновацион музей концепцияси лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчиларга бўлажак музейнинг тарҳи ҳақидаги компьютер графикаси ёрдамида яратилган ролик намойиш этилди. Музей экспозициясини шакллантириш, Имом Бухорий сиймосини яратиш масалалари юзасидан кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Конференция доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этилган буюк муҳаддис олим ҳаёти ва илмий фаолиятига оид адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди.

Анжуман якунида унинг натижалари бўйича хулосалар шакллантирилиб, аллома илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этишни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …