Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Тарғибот тадбирлари бошланди

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг кўламли тарғибот тадбирлари бошланди.

Ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга қаратилган тадбир дастлаб Самарқанд шаҳридаги “Жўйичуқур” маҳалласи аҳли иштирокида ташкил этилди. Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов томонидан мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар кўлами хусусида маълумот берилди. Шунингдек, жабҳадаги туб ислоҳотларнинг пировард мақсади ёшларни исломнинг миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат каби асл қадриятлари руҳида тарбиялашдан иборат экани таъкидланди.

Марказ раҳбари, шунингдек, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида ташкил этилган тадбирда тинчлик қадри, бағрикенгликнинг миллатлараро тотувликни таъминлашдаги аҳамияти, ислом динидаги эзгулик ва инсонийлик ғоялари, ёш авлодни миллий қадриятлар ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг моҳияти ҳақидаги ўз фикрини баён қилди.

Самарқанд давлат чет тиллар институтида “Радикализм жамият барқарорлигининг кушандаси” мавзусида ўтказилган маърифий тадбирда эса Марказ директорининг Бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев институт талабаларига миссионерлик, экстремизм, шунингдек, кибержиноятларга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб, радикал оқимлар таъсиридан сақланиш чораларини ҳаётий мисоллар билан кўрсатиб ўтди.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят бошқармаси, вилоят ички ишлар бошқармаси терроризмга қарши курашиш бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирлар савол-жавоб тарзида давом этди.

Тадбирлар якунида иштирокчиларга “Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …