Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Ғаллаорол туман ихтисослаштирилган мактабида “Баркамол авлодни тарбиялашда соғлом диний тафаккурнинг ўрни” мавзусида маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.
Мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилар иштирокида ўтган тадбирда Марказ илмий ходимлари Жонибек Жумаев, Баёзхон Маҳмудов, шунингдек, Ғаллаорол тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими шўъба мудири Бунёд Юнусов, Дин ишлари бўйича қўмитанинг туман бўйича бош мутахассиси Ғулом Қоржовов мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Йиғилганларга юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самараси, диннинг асл моҳияти, исломнинг бағрикенглик ва инсонпарварлик ғоялари борасида тушунчалар берилди. Ўқувчи-ёшларнинг маънавий-аҳлоқий онгини ривожлантириш орқали мафкуравий иммунитетини янада кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Юртимиз заминидан етишиб чиққан мутафаккирлар ҳаёти ва илмий меросидан ибрат олиб, уларга муносиб авлод бўлиб етишиш зарурати қайд этилди.
Учрашув доирасида ўқувчилар ўртасида аллома аждодларимиз ижодига оид викторина ўтказилиб, ғолиблар нодир илмий адабиётлар билан тақдирланди.