Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАРКАЗ ДЕЛЕГАЦИЯСИ – МОСКВАДА

МАРКАЗ ДЕЛЕГАЦИЯСИ – МОСКВАДА

Айни кунларда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази делегацияси Москва шаҳридаги Имом Муҳаммад Бухорий номидаги мусулмонлар маҳаллий диний муассасаси таклифига биноан амалий сафар билан Москва шаҳрида бўлиб турибди.

Марказ билан мазкур муассаса ўртасида жорий йилнинг май ойида ҳамкорликка оид Англашув меморандуми имзоланган бўлиб, унга кўра қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилиши белгиланган.

2021 йилнинг март ойида Москва шаҳри мусулмонлари диний бошқармаси таркибида ташкил этилган муассасада 300 дан ортиқ доимий ўқувчи ва 1500 нафардан зиёд талаба онлайн таҳсил олади.

Делегация аъзолари ташриф асносида муассаса фаолияти билан яқиндан танишди. Унинг раҳбари Умид Мамталиев Марказнинг мовароуннаҳрлик алломалар илмий меросини изчил ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш йўналишида амалга ошираётган фаолияти самараси ўлароқ чоп қилинган илмий ишларни эътироф этди ва келгусида уларни рус ва бошқа тилларга таржима қилиш истагини билдирди.

Ташриф доирасида Москвадаги “Дар” маданият марказида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси ва Россия мусулмонлари диний идораси ҳамкорлигида “Ўзбекистон куни” тадбири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Давлат мадҳияси қабул қилинганига 31 йил тўлиши муносабати билан Россиядаги ватандошларимиз онгу шуурида Ватанга бўлган садоқат, аждодлар хотирасига эҳтиром ва инсонпарварлик ғояларини сингдириш мақсадида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси, Россия мусулмонлари диний идораси мутасаддилари, Москва давлат лингвистика университети ҳузуридаги Ўзбек тили ва маданияти маркази, “Россия халқлари ассамблеяси” Умумроссия жамоат ташкилоти, “Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси” нодавлат нотижорат ташкилотининг Москвадаги бўлими раҳбарлари иштирок этди. 

Тадбирда Марказ директори Шовосил Зиёдов, илмий ходимлар Жонибек Жумаев ва Баёзхон Маҳмудов маъруза қилиб, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада, шунингдек, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ва Марказ фаолияти натижасида эришилган ютуқлар хусусида маълумот берди.

Иштирокчилар тадбирнинг икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги илмий ҳамкорликни жадаллаштиришда тутган муҳим ўрнини эътироф этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …