Аввал хабар берилганидек, Туркиянинг Денизли шаҳрида Памуккале университетининг Ислом илмлари институти, Туркиядаги Gaye Vaкfi жамғармаси ҳамда Қирғизистоннинг Ўш давлат университети ҳамкорлигида II Халқаро Сарахсий конференцияси ўтказилди.
Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказидан Отабек Муҳаммадиев “Имом Сарахсий бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган тадқиқотлар” ва Меҳрожиддин Амонов “Ўзбекистонда сақланаётган Имом Сарахсийнинг “Мабсут” асарига оид қўлёзмалар” мавзуларида маъруза қилди.
Анжуманнинг “Сарахсий бўйича тадқиқотлар” номли асосий сессиясидан ўрин олган маърузаларда нотиқлар юртимизда аллома аждодларимиз илмий меросини ўрганиш бўйича олиб борилаётган ишлар, бунинг учун ҳукуматимиз томонидан яратилган имкониятларга алоҳида тўхталиб, Марказ илмий фаолияти натижасида қўлга киритилган муваффақиятлар борасида ҳам кенг маълумот берди.
Тадбир доирасида мамлакатимиз вакиллари таниқли фақиҳ олим, Gaye Vaкfi раҳбари, Сарахсийнинг 30 жилдлик “Мабсут” асарини турк тилига ўгирган таржимон, профессор, др. Мустафо Жевад Акшитга Марказнинг эсдалик совғасини топширди.
Конференция якунида маърузачиларга тегишли сертификатлар тақдим этилди.