Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлимининг икки нафар ходими малака ошириш учун Туркияга жўнаб кетди. Уларнинг бу сафари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 10 февралдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш йўналишида ташкил этилган бўлиб, Марказда қўлёзмаларни сақлаш ва тадқиқ этишга масъул илмий ходим ва реставраторларнинг соҳага оид билим ва малакасини ошириш мақсадини кўзлайди.
Йўлдошхон Исаев ва Бахтиёр Иботов ўтган йил январь ойида ҳам касбий малакасини ошириш учун Туркияга сафар қилган эди. Бир ойлик амалиёт давомида улар Туркия қўлёзма асарлар бош бошқармаси китоб шифохонаси ва архив ишлари бошқармаси (Türkiye Yazma Eserler Kurumu Başkanlığı Kitap Şifahanesi ve Arşiv Dairesi Başkanlığı) да зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиб қайтган. Бу гал эса шу муассасада олинган билимларни мустаҳкамлаш ва қўлёзмалар таъмири билан боғлиқ жараённинг навбатдаги босқичларини ўзлаштириш мақсад қилинган.
Ходимларнинг илмий амалиёти бир ой давом этади.