АВВАЛГИ ДИНЛАРДАГИ ҒУЛУВ
Динда чуқур кетиш мусулмонлар орасида турлича бўлганидек, аввалги динларда ҳам турлича бўлган ва Қуръони каримда ўтган умматларни динда чуқур кетиб, амалларни бажаришда муболаға қилиши таъқиқлангани очиқ-ойдин баён қилинган.
﴿ قُلْ يَا أَهْلَ الْكِتَابِ لَا تَغْلُوا فِي دِينِكُمْ غَيْرَ الْحَقِّ وَلَا تَتَّبِعُوا أَهْوَاءَ قَوْمٍ قَدْ ضَلُّوا مِنْ قَبْلُ وَأَضَلُّوا كَثِيرًا وَضَلُّوا عَنْ سَوَاءِ السَّبِيلِ﴾
“Айтинг: “Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!””[1].
Дарҳақиқат, аввалги диндагилар ўзларига юборилган пайғамбарларни ва ораларидаги солиҳ кишиларни илоҳлик даражасига чиқариш билан ҳаддидан ошди.
﴿وَقَالَتِ الْيَهُودُ عُزَيْرٌ ابْنُ اللَّهِ وَقَالَتِ النَّصَارَى الْمَسِيحُ ابْنُ اللَّهِ ذَلِكَ قَوْلُهُمْ بِأَفْوَاهِهِمْ يُضَاهِئُونَ قَوْلَ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ قَبْلُ قَاتَلَهُمُ اللَّهُ أَنَّى يُؤْفَكُونَ اتَّخَذُوا أَحْبَارَهُمْ وَرُهْبَانَهُمْ أَرْبَابًا مِنْ دُونِ اللَّهِ وَالْمَسِيحَ ابْنَ مَرْيَمَ وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا إِلَهًا وَاحِدًا لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ سُبْحَانَهُ عَمَّا يُشْرِكُونَ﴾
“Яҳудийлар: “Узайр – Аллоҳнинг ўғли”, дедилар, насронийлар: “(Исо) Масиҳ – Аллоҳнинг ўғли”, дедилар. Бу уларнинг оғизларидаги (ботил) гапларидир. (Бу гаплари) худди аввалги кофир бўлганларнинг гапига ўхшайди. Аллоҳ урсин уларни! (Улар) қаёққа оғиб кетмоқдалар?!
(Улар) Аллоҳни қўйиб, ўзларининг донишмандлари ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни рабб (илоҳ) қилиб олдилар. Ваҳоланки, Ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилишга буюрилган эдилар. Ундан ўзга илоҳ йўқ! (Уларнинг) келтирган ширкларидан У покдир”[2].
Уларнинг айримлари сўзларни асл маъносидан бошқа маънога буриб ҳаддидан ошди. Аллоҳ таоло каломи шарифида бу ҳақда кўп ўринларда аниқ баён қилган.
﴿أَفَتَطْمَعُونَ أَنْ يُؤْمِنُوا لَكُمْ وَقَدْ كَانَ فَرِيقٌ مِنْهُمْ يَسْمَعُونَ كَلَامَ اللَّهِ ثُمَّ يُحَرِّفُونَهُ مِنْ بَعْدِ مَا عَقَلُوهُ وَهُمْ يَعْلَمُونَ﴾
“Улар (Исроил авлоди)нинг сизларга ишонишидан умид қилаяпсизми (эй мусулмонлар)?! Ваҳоланки, улардан бир гуруҳи Аллоҳнинг каломини эшитиб, англаб олганларидан сўнг, била туриб, уни ўзгартирар эдилар-ку!”[3].
Аҳли китоблар эътиқод ва илмда ҳаддидан ошиб чуқур кетганидек, уларнинг айрим тоифалари фарз қилинган амаллар билан кифояланмай, зиммаларига тоқатларидан ортиқча амалларни бажаришни фарз қилиб олиб янада ҳаддидан ошдилар.
﴿ ثُمَّ قَفَّيْنَا عَلَى آَثَارِهِمْ بِرُسُلِنَا وَقَفَّيْنَا بِعِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ وَآَتَيْنَاهُ الْإِنْجِيلَ وَجَعَلْنَا فِي قُلُوبِ الَّذِينَ اتَّبَعُوهُ رَأْفَةً وَرَحْمَةً وَرَهْبَانِيَّةً ابْتَدَعُوهَا مَا كَتَبْنَاهَا عَلَيْهِمْ إِلَّا ابْتِغَاءَ رِضْوَانِ اللَّهِ فَمَا رَعَوْهَا حَقَّ رِعَايَتِهَا فَآَتَيْنَا الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْهُمْ أَجْرَهُمْ وَكَثِيرٌ مِنْهُمْ فَاسِقُونَ﴾
“Сўнгра уларнинг изларидан кетма-кет пайғамбарларимизни юбордик ва Исо ибн Марямни ҳам (уларнинг) ортидан юбордик ва унга Инжил (китобини) ато этдик ҳамда унга эргашган кишиларнинг дилларида меҳрибонлик ва шафқат (пайдо) қилдик. Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга уни (роҳибликни) ёзганимиз (фарз қилганимиз) йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолигини истаб (роҳиблик) қилдилар-у, сўнгра унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, улардан имон келтирганларига мукофотларни ато этдик. (Аммо) уларнинг орасида аксарияти фосиқ (кофир)дирлар”[4].
عن أنس بن مالك لله كان رسول الله ﷺ يقولُ:
«لَا تُشَدَّدُوا عَلَى أَنْفُسِكُمْ فَيُشَدَّدَ عَلَيْكُمْ، فَإِنَّ قَوْمًا شَدَّدُوا عَلَى أَنْفُسِهِمْ فَشَدَّدَ اللَّهُ عَلَيْهِمْ، فَتِلْكَ بَقَايَاهُمْ فِي الصَّوَامِعِ وَالدِّيَارِ ﴿وَرَهْبَانِيَّةً ابْتَدَعُوهَا مَا كَتَبْنَاهَا عَلَيْهِمْ﴾».
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзни кўп айтар эдилар: “Динни (турли амалларни бажаришни зиммангизга фарз қилиб олиб) ўзларингизга ўзларингиз оғир қилиб олманглар, у сизга оғирлик қилади. Чунки бир қавм ўзларига динни оғир қилиб олган эди, Аллоҳ таоло ҳам уларга динни оғир қилиб қўйди. Савомиъ (черков ва цинагог) ва (айрим) диёрлардагилар ўшаларнинг қолдиқларидир. “Раҳбонийлик (роҳиблик, тарки дунё қилиш) – биз уларга фарз қилмаган нарсаларни ўйлаб топдилар”[5].
Бани Исроилнинг ҳаддидан ошганлари уларга фарз қилинмаган амалларни ҳам фарз қилинишини пайғамбарларидан сўраб олдилар.
Шунингдек, уларнинг айримлари пайғамбарига нисбатан жуда қаттиқ одобсизлик қилишгача бордилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Мусо алайҳиссалом Бани Исроилдан бир сигирни қурбонлик қилишни сўраган вақтларидаги ҳолатини таърифлар экан, дедилар: “Агар улар энг кўримсиз, қиймати паст сигирни олиб сўйсалар ҳам кифоя қилар эди. Лекин улар сигирни қандай бўлсин, қайси рангда бўлсин, деб чуқур кетиб ҳаддидан ошдилар, Аллоҳ ҳам уларга бу ишни бажаришни оғир қилиб қўйди.
ИСЛОМДА ҒУЛУВНИНГ НАМОЁН БЎЛИШИ
Ғулувнинг келиб чиқиш сабаблари, тарихи, ҳақиқати, маънолари ҳақида сўз юритиб, бу йўлнинг оқибатлари, тафсилотлари ва таҳлиллари билан ёритишга ҳаракат қиламиз.
Ғулувнинг жамиятга таҳдидли кўринишларидан баъзилари Ислом уламоларига ва кенг жамоатчиликка нафрат билан қарашлари, ашъарийлар, мотуридийлар, шиалар, сўфийлар ва улар билан алоқадор бўлганларни ҳеч бир далилсиз куфр, ширк ва залолат билан айблаб, диндан чиққанликка ҳукм қилишлари шулар жумласидандир.
Ҳофиз Ибн Ҳажарнинг “Фатҳул Борий шарҳи “Саҳиҳул Бухорий” номли асарида бундай дейди: Биз уларни маломат қилишдан ёки айблашдан олдин сабабини билишимиз керак. Агар сабаблар маълум бўлса, бизни таажжубга солиб турган нарсалар ҳам йўқолади.
Шунингдек, биз учун энг муҳим саналган ишлардан бири, бу йўлга кириб қолганларни куфр билан айблашга шошилмаслик, ғулув ва бузғунчиликнинг ер юзидаги террор ва фасодларнинг оқибатига эътибор қаратишдир. Ғулув ортидан пайдо бўладиган терроризм туфайли кўплаб инсонлар ҳалок бўлганлигини, унинг дин ва жамиятга етказган зарарларини аниқлаб кўрсатиб беришдир.
Террор орқали амалга оширилган ишларга келсак, вайронагарчилик ва такфирдан иборат бўлиб, шариат нуқтаи назаридан террорнинг ҳукми аниқ, ҳатто бир қанча илмий китоблар ҳам ёзилган. Афсуски, ғулувнинг яна бир таҳдидларидан бири, ўзларини ислом жиҳодчилари дея номлаган террорга алоқадор бир гуруҳ кимсалар ислом маданиятининг илмий мероси бўлган асарларни ҳам ёқиб юборгани исботланган. Ибн Ҳажарнинг “Фатҳул Борий шарҳи “Саҳиҳул Бухорий” асари шулар жумласидандир. Бутун дунё ислом уламолари томонидан ҳақ деб эътироф этилган аҳли сунна вал жамоа йўналишидаги ақидавий мазҳаблар мотуридийлик ва ашъарийлик, фиқҳий мазҳаблар ҳанафий, шофеий, моликий ва ҳанбалий мазҳабларини куфр билан айблайдиган кимсаларнинг зоҳир бўлиши ҳам айнан ғулув натижасида келиб чиққандир. Ҳолбуки Амр ибн Осдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазҳаб мужтаҳидлари ҳақида:
عن عمرو بن العاص : أنه سمع رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول: «إذا حكم الحاكم فاجتهد ثم أصاب فله أجران، وإذا حكم فاجتهد ثم أخطأ فله أجر».
“Агар ҳоким (фатво ишларида ҳукм чиқарувчи киши) дин ишларида ижтиҳод қилиб масаланинг ечимини тўғри топса, унга икки ажр берилади. Агар бир ишда ҳукм чиқарса-ю хато қилса, унга бир ажр берилади”, деганлар[6].
Ғулув сабабли ислом уламоларини куфрда айблайдиган узоқ ва яқин тарихдаги фирқалардан хаворижлар, рофизийлар, қадарийлар, алавийлар, аҳмадийлар, ҳизбут таҳрир, салфийлар, ИШИД, барлавийлар, маърифатчилар каби бир қанча оқимларни мисол қилиб келтириш мумкин. Тарихда ислом уламолари ва мазҳаб пешволарини куфрда айблайдиган бундай адашган кимсаларга таъзир берилиб, тавба қилдирилган. Уларнинг лаънати эса ўзларига қайтувчидир. Чунки, уламолар бу умматнинг қуввати ва йўл бошловчи маёқларидир. Ким бу маёқлардан воз кечса, ҳидоятни тополмай залолатда қолиши аниқ.
Рисолада айтилган ҳар бир фикр, таълимот танқид ва тузатишдан холи эмаслигини тан олган ҳолда айтадиган сўзимиз: Маъсумлик (хатолардан сақланиш, бехатолик) сифати фақат Аллоҳнинг китоби учун тегишли бўлиб, унинг на олдидан ва на ортидан ботил содир бўлмайди. Шунингдек, маъсумлик фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хос бўлиб, у зотнинг айтганлари ҳавойи нафсдан эмас, аксинча у ваҳийдан бошқа нарса эмасдир.
Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:
﴿وَٱلنَّجۡمِ إِذَا هَوَىٰ﴾ ﴿مَا ضَلَّ صَاحِبُكُمۡ وَمَا غَوَىٰ﴾
﴿وَمَا يَنطِقُ عَنِ ٱلۡهَوَىٰٓ﴾ إِنۡ هُوَ إِلَّا وَحۡيٌ يُوحَىٰ﴾
“Ботиб кетаётган юлдуз билан қасамёд этаманки”, “сизларнинг соҳибингиз (Муҳаммад) залолатга кетгани ҳам йўқ, йўлдан озгани ҳам йўқ!” “У хомхаёлдан олиб сўзлаётгани ҳам йўқ!” “У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) нозил қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир”[7].
Молик ибн Анас бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаи муборакларига ишора қилиб қуйидаги сўзларни айтган эди:
عن مالك بن أنسٍ رحمه الله تعالى: “كُلُّ أَحَدٍ يُؤْخَذُ مِنْهُ وَيُرَدُّ عَلَيْهِ إِلاَّ صَاحِبُ هَذَا القَبْرِ” يعني النبيَّ صلى الله عليه وسلم
“Мана бу қабр эгаси (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан бошқа бизларнинг ҳар биримиз гуноҳларимиз билан Аллоҳга қайтариламиз[8].
Унинг бу сўзлари энг тўғри ва фойдали кўрсатма эди, мана шу адолатли ўлчовдир.
(Давоми бор)