Ҳамду санолар оламларнинг Парвардигори бўлган Аллоҳ таолога бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг аҳли байтлари ва саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин.
Инсон ҳаётида шундай лаҳзалар бўладики, у ўзининг ожизлигини ҳис этади, қалби таскин излайди, мушкуллари ечимини қидиради. Ана шундай пайтларда мўмин банданинг энг катта суянчиғи ва руҳий таянчи – бу дуодир. Дуо банданинг Робби билан бўлган энг самимий мулоқоти, қалб нидоси ва муҳтожлиги ифодасидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«الدعاء مخ العبادة»
яъни: “Дуо – ибодатнинг мағзидир”, деганлар.
Ушбу ҳадис дуонинг исломдаги буюк ўрни ва аҳамиятини кўрсатади.
Дуо луғатда чақириш, илтижо қилиш, ёрдам сўраш маъноларини англатади. Шаръий истилоҳда эса дуо банданинг Аллоҳ таолога юзланиб, ўз эҳтиёжларини билдириши, Ундан яхшилик сўраши ва ёмонликлардан паноҳ тилашидир.
Дуо қилинганда унинг ижобати муҳим ва асосий мақсад саналади. Дуоларнинг ижобат қилиниши ҳақида Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилинган:
{وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌۖ أُجِيبُ دَعۡوَةَ ٱلدَّاعِ إِذَا دَعَانِۖ فَلۡيَسۡتَجِيبُواْ لِي وَلۡيُؤۡمِنُواْ بِي لَعَلَّهُمۡ يَرۡشُدُونَ}
“Қачонки, бандаларим Мен ҳақимда сиздан сўрасалар, бас, Мен яқинман. Дуо қилувчининг дуосини қабул қиламан”.
(Бақара сураси, 186-оят).
{وَقَالَ رَبُّكُمُ ٱدۡعُونِيٓ أَسۡتَجِبۡ لَكُمۡۚ إِنَّ ٱلَّذِينَ يَسۡتَكۡبِرُونَ عَنۡ عِبَادَتِي سَيَدۡخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ}
“(Эй инсонлар), Парвардигорингиз: “Менга дуо-илтижо қилинглар! Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қиладиган кимсалар яқинда бўйинларини букиб, жаҳаннамга кирурлар”, деди”. (Ғофир сураси, 60-оят).
Бу оятда Аллоҳ таоло бандаларини дуо қилишга буюрмоқда ва ижобат ваъдасини бермоқда. Бу эса дуонинг нақадар улуғ ибодат эканини кўрсатади.
Ушбу оятда Ҳақ таоло бандаларига: “Менга дуо-илтижо қилинглар, Мен албатта дуоларингизни мустажоб қилурман”, деб буюрди. Бас, ҳар бир банданинг Меҳрибон Парвардигори бўлмиш Аллоҳ таолога дуо қилиши вожибдир. Дуо Яратганнинг лутфу марҳаматига инсоннинг ўта муҳтож эканини жуда гўзал ва аниқ суратда кўрсатиб турадиган нафақат солиҳ амал, балки улуғ бир ибодатдир. Бу ҳақда ҳадисларда ҳам келтирилган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта дуо ибодатдир”, дедилар, сўнгра ушбу (юқоридаги) ояти каримани тиловат қилдилар.
Демак, ояти каримадаги: “Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қиладиган кимсалар” ибораси “Менга дуо қилишдан кибр-ҳаво қиладиган кимсалар” деган маънода бўлиб, Яратганга дуо қилишдан бош тортадиган кимсалар албатта бўйинларини букиб, жаҳаннамга кириши ҳақида хабар берилмоқда.
Яна бошқа ҳадисда:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم:مَنْ لَمْ يَسْأَلِ اللَّهَ يَغْضَبْ عَلَيْهِ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимда-ким Аллоҳ азза ва жаллага дуо қилмаса, Аллоҳ ундан ғазабланади”, дедилар.
Ояти карима лафзидан Аллоҳ азза ва жалла Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига бениҳоя меҳрибон экани очиқ кўринади. У зот ҳеч қандай алоҳида шарт қўймасдан: “Менга дуо қилинглар, дуоларингизни албатта ижобат қиламан”, яъни “сўранглар, сўраганларингизни бераман”, деб ваъда қилади.
Қатода Каъбул Аҳбордан ҳикоя қилади: Ушбу умматга фақат пайғамбарларга берилган уч нарса ато этилди: Аллоҳ таоло бирор пайғамбарни юборса, унга: “Сиз (Қиёмат кунида) умматингиз учун гувоҳлик берувчисиз”, деган бўлса, ушбу умматга эса: “Шунингдек, сизларни (мусулмонларни бошқа) одамларга (умматларга) гувоҳлик берувчи қилиб қўйдик”, деди. Аллоҳ таоло пайғамбарларига: “Динда сизга ҳеч қандай ҳараж-танглик йўқ”, деган бўлса, ушбу умматга “Аллоҳ бу динда сизларга бирон хараж-танглик қилмади”, деб марҳамат қилди. Аллоҳ таоло фақат пайғамбарларига: “Менга дуо қилгин, Мен ижобат қиламан”, деб ваъда берган бўлса, ушбу умматга “Менга дуо қилинглар, Мен сизларнинг қилган дуоларингизни ижобат қилурман”, деб ваъда қилди. (“Тафсири Қуртубий” ва “Тафсири Мунир”дан). Яъни бу умматнинг даражасини Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган пайғамбарларга тенглаштирди.
Аллоҳ таоло бандаларининг дуоларини ижобат қилишига бошқа ҳадисларда яна қуйидагича далиллар келган:
عن عبد الله بن مسعود رضي الله عنه مرفوعاً:مَنْ أُعْطِيَ الدُّعَاءَ أُعْطِيَ الْإِجَابَةَ، لِأَنَّ اللَّهَ تَعَالَى يَقُولُ: {ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ}.
“Кимга дуо қилиш (тавфиқи) берилган бўлса, унга ижобат ҳам берилган. Чунки Аллоҳ таоло: “Менга дуо қилинглар, сизларга ижобат қиламан”, деган”.
Яна шу маънодаги бошқа ҳадисларда бундай дейилган:
عن أنس بن مالك قال: قال النبي صلى الله عليه وسلم:مَا أَذِنَ اللَّهُ لِعَبْدٍ فِي الدُّعَاءِ حَتَّى أَذِنَ لَهُ فِي الْإِجَابَةِ
“Аллоҳ бир бандага дуо қилишга изн берган бўлса, унинг ижобатига ҳам изн беради”.
عن أنس بن مالك قال: قال النبي صلى الله عليه وسلم: ما كان الله ليفتح لعبد باب الدعاء ويغلق عنه باب الإجابة الله أكرم من ذلك
“Аллоҳ бир бандага дуо эшигини очиб, ижобат эшигини ёпиб қўймайди. Аллоҳ бунданда карамлироқ, саховатлироқ зотдир!”.
Яъни, агар Аллоҳ таоло бандага дуо қилиш тавфиқини берган бўлса, бу унинг дуоси бефойда қолишини англатмайди. Аллоҳ таоло ўз фазли ва карами билан унинг дуосини албатта қабул қилади: ё сўраган нарсасини беради, ё ундан бирор балони қайтаради, ёки савобини охират учун захира қилиб қўяди. Шунинг учун мўмин киши дуодан ҳеч қачон умидини узмаслиги лозим.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: يَنْزِلُ رَبُّنَا تَبَارَكَ وَتَعَالَى كُلَّ لَيْلَةٍ إِلَى السَّمَاءِ الدُّنْيَا حِينَ يَبْقَى ثُلُثُ اللَّيْلِ الآخِرُ، فَيَقُولُ: مَنْ يَدْعُونِي فَأَسْتَجِيبَ لَهُ؟ مَنْ يَسْأَلُنِي فَأُعْطِيَهُ؟ مَنْ يَسْتَغْفِرُنِي فَأَغْفِرَ لَهُ؟
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар кеча Роббимиз дунё осмонига тушади ва: “Ким Менга дуо қилади, Мен унга ижобат қилсам, ким Мендан сўрайди, Мен унга ато қилсам, ким Менга истиғфор айтади, Мен уни мағфират қилсам”, дейди” деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Дуо қилиш орқали инсон ўзининг муҳтож ва ожиз эканини тан олади. Аллоҳ таолонинг қудрати, раҳмати ва карамига иқрор бўлади. Шу сабабли дуо ибодатнинг мағзи, яъни унинг энг муҳим ва асосий мазмуни ҳисобланади.
Дуо тавҳиднинг амалий кўриниши ҳисобланади. Бу дуонинг энг муҳим фазилатларидан бири бўлиб, инсон эътиқодини тавҳидга кўра мустаҳкамлайди. Мўмин киши бирор ҳожати тушганда ёки қийинчиликка дуч келганда аввал Аллоҳга мурожаат қилади. Аллоҳ таоло эса Ўзига илтижо қилиб, дуо қилаётган бандаси муножотларига уни ижобат қилиши хушхабарини берди:
{وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌۖ أُجِيبُ دَعۡوَةَ ٱلدَّاعِ إِذَا دَعَانِۖ فَلۡيَسۡتَجِيبُواْ لِي وَلۡيُؤۡمِنُواْ بِي لَعَلَّهُمۡ يَرۡشُدُونَ}
“Қачонки бандаларим Мен ҳақимда сиздан сўрасалар, бас, Мен яқинман. Дуо қилувчининг дуосини қабул қиламан”.
(Бақара сураси, 186-оят).
Демак, дуо инсонни Аллоҳга яқинлаштиради. Дуо орқали қалбда таваккул, ихлос ва умид кучаяди. Банда Роббининг марҳамат эшиги ўзи учун доимо очиқ эканини ҳис қилади.
Нодир ҚОБИЛОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





