Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Талабаларнинг малакавий битирув ишлари ҳимояси ўтказилди

Талабаларнинг малакавий битирув ишлари ҳимояси ўтказилди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Таълим, тадқиқот ва амалиёт” тамойили асосида Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети талабаларининг малакавий битирув ишлари ҳимояси бўлиб ўтди.

Тадбирда Марказ илмий ходимлари, университет профессор-ўқитувчилари ҳамда битирувчи талабалар иштирок этди. Ҳимоя жараёнида талабалар маданий меросни асраш, зиёрат туризмини ривожлантириш, тарихий обидалардан самарали фойдаланиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг бой маънавий ва маданий меросини халқаро миқёсда тарғиб этишга бағишланган илмий тадқиқотларини тақдим қилди.

Талабалар ўз ишларида назарий билимларни амалий тажриба билан уйғунлаштиришга интилгани, тадқиқотларида замонавий ёндашувлар ва илмий манбалардан самарали фойдалангани қайд этилди. Айниқса, мамлакатимизда зиёрат туризми инфратузилмасини такомиллаштириш, маданий мерос объектларининг туристик жозибадорлигини ошириш ҳамда тарихий меросни сақлаш масалаларига бағишланган лойиҳалар мутахассислар эътиборини тортди.

Ҳимоя давомида комиссия аъзолари томонидан талабаларга тадқиқот мавзулари юзасидан саволлар берилиб, ишларнинг илмий аҳамияти, амалий қиймати ва келгусидаги истиқболлари муҳокама қилинди. Билдирилган таклиф ва тавсиялар талабаларнинг илмий изланишларини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Маҳалла тизими ходимлари Имом Бухорий мероси билан танишди

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш ўқув курси доирасида …